Тянзинда заҳарли цианид натрий топилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи XINHUA
Image caption Хавотирларга кўра, ёнғин пайтида омборхонада 700 тонна натрий цианиди бўлган бўлиши мумкин.

Хитой ҳукумати портлаш рўй берган Тянзин порт шаҳридан 3 км масофа радиусда яшовчи аҳолини мажбурий эвакуация қилмоқда.

Кимёвий моддалар омборида бошланган ёнғин тинмаётгани боис, шамол йўналиши ўзгариши билан заҳарли моддаларнинг тарқалишидан хавотирлар катта.

Текширувчилар портлаш юз берган ҳудудда заҳарли цианид натрий моддаси борлигини аниқлаганлар.

Хитойнинг шимоли шарқидаги Тянзинда чоршанба куни юз берган портлаш оқибатида шу пайтгача ҳалок бўлганлар сони 110дан ошган, 700 дан ортиғи яраланган. Шифокорларга кўра, 25 инсоннинг аҳволи ўта оғир.

Расмийларнинг айтишича, ўлганларнинг 24 таси шахси аниқланган, 88 таси кимлиги ҳамон ноаниқ қолмоқда.

Воқеа жойидан атиги 50 метр масофада қутқарувчилар тирик одамни топганлар, у ўша пайтда ҳушида бўлган, гапира олган деб хабар беради Синхуа агентлиги.

Мактабларда сақланаётган одамлардан ҳимоя маскаси ва узун шимларда бўлиш сўралмоқда.

Расмийлар бундан олдин Тянзинда ҳаво ва сувнинг зарарланиш таркиби белгиланган чегарадан ўтмаганини иддао қилганлар, шу билан бирга ҳавода карбид калций, нитрат калий ва нитрат натрий

моддалари борлигини айтганлар.

Айни пайтда, Хитой Президенти Ши Жин Пин ҳукуматни ҳодисадан фавқулодда муҳим сабоқ чиқариб, келажакда бундай фожеалар юз беришига йўл қўймасликка чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шанба куни ҳам Тянзинда ёнғин давом этган. Улкан автомобил сақлаш жойидаги яна бир қанча машиналар ёниб, портлашлар содир бўлган.

Ҳалок бўлганлар орасида камида 21 ўт ўчирувчи бор, ўнлаб инсонлар дараксиз қолаётгани айтилади.

Шанба куни бедарак кетган инсонларнинг қариндошлари матбуот анжумани бўлаётган жойга бостириб кириб, расмийлардан яқинлари ҳақида хабар талаб қилганлар.

Портлаш юз берган омборхона Ruihai Logistics фирмасига тегишли бўлган. У заҳарли кимёвий моддаларни ташиш, хусусан, осон ёнувчи суюқликларни ташиш билан шуғулланган.

Хавотирларга кўра, ёнғин пайтида омборхонада 700 тонна натрий цианиди бўлган бўлиши мумкин.

Цианид натрий кимёвий моддаси оқ кристал ёки кукун шаклидаги модда бўлиб, сувда осон эрийди.

Унинг чанги ҳам нафас олганда ва ютганда бўғиш хусусиятига эга. Эритилганда ва ёқилганда ўзидан заҳарли водород цианид ажратади.

Текширув ва миш-мишлар

Хитой ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб кимёвий ва портловчи буюмлар даражасини текширишни бошлаган.

Минтақада хавотирли вазият пайдо бўлган- ҳукумат ижтимоий тармоқларда турли миш-мишларни тарқатгани учун ўнлаб сайтларни ёпган.

Норозилик пикети ўтказган маҳаллий кишилар ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари ҳукуматдан ҳодиса ҳақида ва омборда қандай модда сақлангани тўғрисида аниқ маълумот беришни талаб қилганлар.

Бундан ташқари портлаш жойига яқин биноларда яшовчилар товон пули тўлашни сўрамоқдалар.

Айни пайтда юзага келган мураккаб вазиятдан ўз манфаати учун фойдаланувчилар ҳам пайдо бўлгани айтилади.

"Вейбо" сайтида Тянзиндаги портлашда отаси ўлганини айтиб, 90 минг юан (14 минг доллар)пул йиғишга улгурган қиз полиция томонидан ушланган.

Бир қанча интернет фойдаланувчилар қизнинг гапларидан шубҳаланишган ва полицияга хабар берганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio