Сурия инқирози: Ҳаво ҳужумида 80 инсон ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриялик фаолларнинг хабар қилишича, ҳукумат кучларининг Дамашқ яқинидаги Дума бозорига ҳужуми натижасида камида камида 80 инсон ҳалок бўлган, 200 га яқини яраланган.

Охирги пайтда исёнчилар назорати остидаги Думага ҳаводан ҳужум ва тикучарлардан бочка бомбалар ташланиши юзлаб тинч фуқароларнинг умрига зомин бўлмоқда, деб хабар беради Сурия Инсон ҳақлари фаоллари.

Якшанба кунги ҳаво ҳужумидан кейин олинган суратлардан кўринадики, бозор ҳудуди тўлиқ вайрон бўлган, атрофдаги бинолар ва автомашиналарга ўт кетган.

Маҳаллий аксилҳукумат фаолларнинг билдиришича, қутқарувчилар вайроналар остидан тирик қолганларни қидиряптилар.

Ҳодисага гувоҳ бўлган думалик кишининг Ассошиэйтед Прессга гапириб беришича, вазият ўта абгор, касалхоналар ярадорларга тўлиб кетган, тез ёрдам машиналари шикастлангани боис жароҳатланганларни шифохонага етказиш оғирлашган.

Мухбирларга кўра, Дамашқдан 11 чақирим масофада жойлашган ва исёнчи "Жайш ал-Ислом" гуруҳи назоратидаги Дума ҳукумат кучларининг доимий нишонига айланиб қолмоқда.

Сурияда Президент Башар ал-Ассадга содиқ кучлар ва унинг бошқарувига қарши бўлганлар орасида бошланиб кетган уруш мобайнида 200 мингдан ортиқ инсон қурбон берилди.

4 йилдан бери давом этаётган можаро бутун бошли шаҳарларни вайронага айлантириб, миллионлаб кишиларни уй-жойларини ташлаб қочишга мажбурлади.

Сурия инқирози минтақадаги вазиятга жиддий таъсир қилди, хусусан Ироқ ва Ливан каби қўшни давлатларда ҳам вазият мураккаблашишига олиб келди. "Исломий давлат" каби жангари гуруҳлар айни пайтда ҳам Сурияда, ҳам Ироқда фаолият олиб бормоқда.

Башар Ассад июл ойида қилган чиқишида қўшинлари сафи сийраклашиб бораётганини тан олган эди. Бундан ташқари исёнчилар Саудия Арабистони, Қатар ва Турклардан дастак олаётганини ҳам таъкидлаган.

Кузатувчиларга кўра, кейинги ойларда Сурия армиясининг исёнчиларга қарши ҳаводан ҳужумлари миқёси ошган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ