Хитой ширкатининг хавфли моддалар сақлашга рухсатномаси бўлмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Хитойнинг давлат назоратидаги Синхуа ахборот агентлиги хабар қилишича, камида 114 инсон умрига зомин бўлган Тянзин шаҳридаги ширкат икки ой олдин ҳам хавфли кимёвий моддалар билан муомала қилиш рухсатномасига эга бўлмаган.

Портлаш Ruihai Logistics ширкатининг омборида рўй берган.

Портловчи кимёвий моддаларни сақлашга рухсатномаси бўлмаса ҳам ширкат саккиз ой мобайнида бундай моддаларни ташиш билан шуғулланиб келган.

Шунингдек, икки йил олдин бу ширкатни юкларни қадоқлаш стандартларини бузишда, бир ой олдин эса нотўғри молиявий ҳисобот топширишда айблашган.

12 август тунида рўй берган портлаш оқибатида камида 114 инсон ҳаётдин кўз юмган, қарийб 700 киши жароҳатланган.

Яна 70 инсон бедарак кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи XINHUA

Улар орасида ўт ўчирувчилар ҳам бор.

Портлаш зарба кучи оқибатида 17 минг уйга шикаст етган.

Портлашдан кейин узоқ давом этган ёнғин бошланган.

Заҳарли моддалар тарқалиши эҳтимоли бўлганидан саноат ҳудуди атрофида уч километрлик радиусда аҳоли эвакуация қилинган.

Портлаш рўй берган омборда инсонлар жасади шу даражада куйиб кетганки, уларнинг шахсини аниқлашнинг имкони йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Расмийлар бу ҳудудда тирик қолган инсонларни топишга умид қолмаганини айтганлар.

Маълум бўлишича, омборда 700 тонна ўта заҳарли цианид натрий моддаси сақланган.

Цианид натрий моддаси тоғ-кон саноатида олтин ва кумушни бошқа рудалардан ажратиб олишда фойдаланилади.

Заҳарлилиги жиҳатидан цианид натрий моддасининг кучи цианид калийникига ўхшашдир.

Инсон оғзига ёки нафас йўлига цианид натрий тушиши ўлимга олиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xinhua

Портлашнинг эртаси куни Ruihai Logistics ширкати раҳбари Ю Сюэвей дохил 10 киши ҳибсга олинган.

Тянзин шаҳрининг яшовчилари норозилик намойиши уюштириб, уйларига етказилган шикаст учун товон пули тўлашни талаб қилганлар.

18 август куни портлашларда қурбон бўлганларни хотирлаш маросими уюштирилган.

Инсонлар сукут сақлаб турганлар, кемалар гудок чалганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ