Словакия: фақат насроний қочқинларни қабул қиламиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Словакия ҳукумати эълон қилишича, суриялик қочқинлар орасидан фақат насронийларини қабул қилади.

Мусулмонларни қабул қила олмаймиз, чунки мамлакатимизда масжид йўқ, дейишган расмийлар.

Словакия расмийларига кўра, мусулмон қочқинларнинг Оврўпо жамиятига интеграциялашиши қийинлиги сабабидан мусулмон қочқинларни қабул қилмаслик қарорини олганлар.

Оврўпо Иттифоқи Суриядаги урушлар туфайли ўз уй-жойини ташлаб чиққан қочқинларни квота бўйича иттифоққа аъзо мамлакатларда жойлаштиришга қарор қилган.

Режага кўра, суриялик 40000 қочқинни 28 мамлакат қабул қилиб олиши лозим.

Шундан 200 нафари Словакияга тушган.

Бу қочқинлар ҳозир Туркия, Италия ва Юнонистондаги жамлоқларда сақланмоқдалар.

"Биз қочқинлар муаммоси бўйича Оврўпога ёрдам беришни истаймиз. Биз 800 мусулмонни қабул қилишимиз мумкин эди. Лекин Словакияда масжид йўқ. Агар бу ер уларга ёқмаса, мусулмонлар қандай қилиб интеграциялашишади?", деб айтган Словакия Ички ишлар вазирлиги мулозими Иван Нетик.

Словакия расмийлари бу мамлакатга етиб келган қочқинлардан қайси динга эътиқод қилиши ҳақида савол-жавоб қилмоқчилар.

Жаноб Нетик сўзларига кўра, бундай савол-жавобнинг ҳеч қандай таҳқирлайдиган жойи йўқ.

"Бундан кўзланган мақсад битта - у ҳам бўлса жамиятдаги бирдамликни сақлаш", деб айтган Словак мулозими.

Суриядаги зўравонликлар уч миллиондан ортиқ инсонни қочқинга айлантирган.

Улар орасида кўпчилик ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб қайиқларда Оврўпо соҳилларига етиб олишга уринмоқдалар.

Энг сўнгги фалокатлардан бирида Туркиядан Юнонистонга ноқонуний ўтиб олишга ҳаракат қилган муҳожирларнинг қайиғи ағдарилиши оқибатида олти суриялик муҳожир чўкиб кетган.

Улар орасида бир чақалоқ ҳам бўлган.

Қутқарувчилар фақат чақалоқнинг жасадини топганлар.

БМТ ўтган бир ҳафтанинг ўзида 21 минг қочқин Туркиядан Юнонистонга ўтишга муваффақ бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Бироқ қочқинларга нисбатан сиёсати, муҳожирларга яратилган шароит туфайли Юнонистон ҳукуматини танқид қилиб келишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ