БМТ: "Яман очарчилик қаршисида турибди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ямандаги урушлар уни очарчилик ёқасига олиб келди. Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) раҳбари Эртарин Казин ана шундай баёнот билан чиқди.

Унинг айтишича, Ямандаги бозорларда мамлакат аҳлини тўйдира олиш учун етарли озиқ-овқат йўқ ва камида 13 миллион одам ёрдамга муҳтож.

Давом этаётган зўравонликлар туфайли ёрдам ташкилотлари қийналиб қолган одамлар ҳудудларига етиб бора олмаяптилар.

Яманда шиа Ҳусий исёнчилари Яман ҳукуматига содиқ қўшинлар ва уларнинг Саудия Арабистони каби қудратли иттифоқчилари билан жанг қилмоқда.

Яманга қилган уч кунлик сафари ортидан Қоҳирада гапирган Казин хоним Ямандаги энг йирик портларда юз бераётган жанглар у ерга озиқ-овқат етиб боришига тўсқинлик қилаётганини айтди.

Унга кўра, оч қолган аҳолига ёрдам беришга уринаётган ташкилотларга донорлар етарлича молиявий дастак бермаяпти.

Айни дамда шу кунларда Ямандан қайтган БМТнинг инсонпарварлик ёрдами бўйича мулозими Стивен О'Брайен "у ердаги инсонлар юз тутаётган азоб-уқубатни ҳатто кўз олдингизга келтириш қийин", деди.

У, шунингдек, Саудийлар бошчилигидаги коалицияни Ҳудайда портини бомбардимон қилаётганини қаттиқ қоралаб, бу халқаро инсонпарварлик қонунларига зид эканини айтди.

Сешанба оқшомида БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурига тегишли кема Яманнинг ғарбий соҳилидаги Ҳудайда портида бўлганида ҳаводан ҳужумларга учраган.

"Ҳудайда портига етказилган зарар бутун мамлакатга йирик зарба бўлади ва инсонпарварлик муаммосини янада чуқурлаштиришидан ўта хавотирдаман", - деди у.

Саудия Арабистони бошчилигида Яманнинг қувғиндаги ҳукуматини дастаклаш учун ҳаво ҳужумларини бошлаганидан бери камида 2 минг одам ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio