Македония қочқинларга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Македония Ташқи ишлар вазири Никола Попоскининг Би-би-сига айтишича, мамлакатининг Юнон-Македон чегарасида тўпланган муҳожирларни қабул қилишга етарли ресурси йўқ.

Бир кун олдин Юнонистондан Македонияга, сўнг эса Оврўпо Иттифоқининг шимолий мамлакатларига етиб олишга ҳаракат қилган қочқин ва муҳожирларга нисбатан кўздан ёш сиздирадиган газ қўллагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бироқ бунга қарамасдан, мингтача ноқонуний муҳожирлар Македония ҳудудига ёриб ўтишга муваффақ бўлган.

Халқаро ташкилотлар Македониянинг қочқинларга муносабатини қоралаб чиқдилар.

Халқаро Амнистияга кўра, бу инсонларга қочқиндек эмас, балки оммавий тартибсизлик иштирокчиларига қилингандек муомала қилинган.

"Чегара билмас шифокорлар" 10 киши жароҳат олгани ҳақида хабар қилган.

Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида уруш ва таъқиблардан қочиб ҳаётини сақлаб қолишга интилаётган инсонларга муҳожир сўзини қўлламасликка қарор қилингани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалган.

Ташқи ишлар вазири Никола Попоски айтишича, муҳожирларга нисбатан куч қўллангани акс этган тасвирларни кўрмаганини айтган.

“Охирги кунларда муҳожирларнинг сони кескин кўпайди. Кунига 3000-3500 кишини ташкил этаяпти. Македонияда икки миллион аҳоли яшайди ва биз бунча кўп муҳожирни қабул қилолмаймиз”, деб айтган Македония ташқи ишлар вазири.

“Бизнинг чегарадан ноқонуний ўтиш назоратини кучайтиришимизга тўғри келди”, деб айтган Никола Попоски.

Чегарада тўпланган қочқинларнинг аксари Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларидан борган инсонлар.

БМТга кўра, йил бошидан буён Юнонистон соҳилларига 160 ноқонуний муҳожир етиб олишга муваффақ бўлган.

Юнонистондаги қочқинлар сони охирги бир ойнинг ўзида 50 мингга кўпайган.