Троцкийнинг невараси ўз бобосининг ўлими ҳақида сўзлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy Trotsky Museum
Image caption Эстебан (ўртада) бобоси Лев Троцкий ва унинг иккинчи рафиқаси Наталья Седова билан

75 йил аввал Мексикада Сталиннинг агенти Рамон Меркадер Лев Троцкийга оғир жароҳат етказди. Троцкий эртасига - 1940 йилнинг 21 мартида оламдан ўтди.

Октябрь давлат тўнтарилишининг ташкилотчиси ва Қизил армия асосчиси Троцкий ВКП(б) (Большевикларнинг умумиттифоқ коммунистик партияси) сафидан чиқарилганди ва 1929 йилда СССРдан сурган қилинганди. Оврўпонинг турли қисмларида бир неча йил яшагач, у ўлимидан уч йил аввал Мексикага жойлашганди.

У ерда Троцкий нисбатан тинч ҳаёт кечирди. У публицистика ва ўзи асос солган Тўртинчи интернационал ишлари билан машғул бўларди, ҳамда ёш фикрдошлари билан мулоқот қиларди. Табиатга кўнгил қўйган Троцкий боғдорчиликни ҳуш кўрган.

Лекин, Совет раҳбарияти уни йўқ қилиш режасидан воз кечмаганди. Меркадердан сал аввал ҳам Троцкийнинг ҳаётига суиқасд уюштирилган. 1940 йилнинг 24 майида машҳур мексикалик рассом ва ашаддий сталинист Хосе Давид Сикейрос бошчилигидаги қуролли кишилар гуруҳи Троцкийнинг уйига ҳужум қилгандилар.

Қатор тарихчиларнинг фикрида, Троцкий баланд минбарлардан Сталинни жаҳон революциясига нисбатан сотқинликда айблаб келганида, Сталин унга тегмаган. Бу билан Сталин Ғарбнинг эътибори сусайишини пойлаган. Аммо, СССР ва Олмония ўртасида Молотов-Риббентроп битими имзоланганида Троцкий икки тоталитар режим ўртасидаги иттифоқнинг хавфи борасида гапира бошлади. Айнан шунда Сталин уни йўқ қилишга қарор қилди. Троцкийнинг охирги мақолаларидан бири «Сталин - Гитлернинг ғазначиси» дея номланганди.

Троцкийнинг хизматларига берилган тарихий баҳолар бир-биридан фарқ қилади, аммо унинг невараси Эстебан (Всеволод) Волковда бобоси ҳақида фақат эзгу хотиралар сақланиб қолган. Эстебан 13 ёшида бобоси билан яшаш учун Мексикага кўчиб келди ва ўзини узоқ кутган осойишта ҳаётга эришгандек сезди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Машҳур сюрреалист рассом Фрида Кало Троцкийнинг Мексикага келишига ёрдам берганди

Эстебаннинг онаси Зинаида Львовна Троцкий ва унинг биринчи рафиқаси Александра Соколовскаянинг қизи эди. У 1930-йилда СССРдан кўчиб кетиш рухсатини олди, 1933 йилда эса Берлинда оғир депрессияда бўла туриб, ўз жонига қасд қилди. СССРда қолган Эстебаннинг отаси Платон Волков 1936 йилда қатл қилинган.

Асл исми Всеволод Волков-Бронштейн бўлган 89 ёшли жаноб Волков ҳали ҳам Мексикада яшайди. Нафақага чиқишдан аввал химик бўлиб ишлаган. Би-би-сига интервью бера туриб, у Сталиннинг агентлари ўз мақсадларига эришган ўша мудҳиш кун ҳақида сўзлаб берди.

"Болани бу ерга киритманглар"

Эстебан Волков пойтахт Мехиконинг тинч маҳалласида, деворлари баланд ва қаттиқ қўриқланувчи уйда бобоси ва унинг иккинчи рафиқаси Наталья Седова билан яшарди. 1940-йилнинг 20 августида ўсмир мактабдан уйига қайтганини эслайди.

«Ёзнинг тинч, илиқ куни эди, вақт тушлик пайтлари эди. Мен тинчгина уйга қайтаётгандим. Узоқдан уйимиз олдида нималардир содир бўлаётганини кўрдим. У ерда полиция турганди, эшиклар ланг очиқ, қандайдир машина ҳам бор эди. Бу одатий ҳол эмасди, шунинг учун кўнглимда хавотир пайдо бўлди. Қўрқиб кетдим», - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty AFP
Image caption Троцкийнинг уйи 1940 йил майида юз берган суиқасд ҳаракати ортидан қаттиқ қўриқланарди

Безовта бўлган Эстебан қадамларини тезлатди. Ахир уч ой муқаддам ҳам унинг бобоси ҳаётига суиқасд уюштирилганди.

«Биринчи бўлиб қўриқчилардан бири Гаролд Робинсни учратдим. Унинг қўлида 38 калибрли «Кольт» тўппончаси бор эди ва у жуда қаттиқ ҳаяжонда эди. «Гаролд, нима бўлди?» деб сўрасам, «Жаксон, Жаксон!» деди у. Аввалига тушунмадим, Жаксоннинг нима алоқаси борлигини», - дейди Волков.

Асл исми Рамон Меркадер бўлган Франк Жаксон бу уйда тез-тез меҳмон бўлиб турарди. Испаниялик бу кишини Троцкий яқин дўст деб кўрган, аммо у Сталиннинг айғоқчиси бўлиб чиқди.

Ўша куни Жаксон-Меркадер гўёки Троцкийга ўз қўлёзмасини кўрсатиш учун келган, аммо қария билан якка қолгач, яширинча олиб келган музни ёрувчи болта билан унинг бошига урган. Аммо, ҳаммаси Меркадер режалагандек бўлмади. Троцкий қаттиқ бақириб, унга қаршилик кўрсатишга уринди. Жиноят жойида ҳибсга олинган қотил кейин 20 йилни қамоқда ўтказди. Бўсағадан ўтар экан, Эстебан қонга беланган бобоси ёнида ўтирган Натальяга кўзи тушди.

«Кутубхонамизга кирганимда, бобом эшик ёнида кўлмакка айланган қон ичида ётарди. Унинг ёнида Наталья, яна бир неча одамлар, котиблари бор эди. Бобом ўшанда: «Болани бу ерга киритманглар, у буларни кўрмаслиги керак», - дедилар. Кирмадим. Бу мен учун жуда ҳам қайғули дамлар эди», - дея хотирлайди Волков.

Фото муаллифлик ҳуқуқи unknown
Image caption Троцкийни оғир яралашда қўлланган қурол

Кўп қони кетган ва ҳушини йўқотаётган 61 ёшли Троцкийни касалхонага олиб келишди, аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмадилар.

Унинг ўлими ортидан уй бўшаб қолди. «Уйимизда ёлғизлик ҳисси ҳукм сурарди. Наталья билан иккимиз қолгандик, фақат битта котиб ёнимизда эди. Бобомнинг бошқа ҳам дўстлари кетиб қолишди», - дейди Волков.

Рангоранг мамлакат

Бу ҳодисадан бир йил аввал болакайнинг умри буткул бошқача эди. Бобоси билан яшаш учун Мексикага келганида унинг юраги умидларга тўла бўлган. «Бу рангларга тўла мамлакат эди, офтоб чарақлаб турарди, осмон мовий. Оврўпода бундай эмасди, у ерда асосан булут, ё қиш бўларди. Мексика эса серқуёш эди».

Ўсмирга яхши таъсир қилган нарса фақат иқлим эмасди. Унинг онаси ўғли билан Сталиндан қочиб, Оврўпонинг бир пойтахтидан иккинчисига кўчарди ва охири Парижга жойлашганди. 1933 йилда у тушкунликка тушиб Берлинда ўз жонига қасд қилди.

«Бутун оиламиз ортидан тушганлар. Диктатор, қонхўр Иосиф Сталин уларнинг кўпини ўлдиртирган. Шунинг учун бобом мени ўз ҳимоясига олиш учун Мексикага чақиртириб олганди», - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Троцкий ва Седова Мексикага 1937 йилда келгандилар

Ўсмир учун бу каби радикал фикрдаги ёшларга тўла уйда яшаш жуда қизиқ эди.

«Куннинг кўп қисмини бобом ўз кабинетида ўтказарди, диктовка қиларди, журналлар ўқирди, ўзининг ёш дўстлари, ҳамда унга қўриқчи ва котиб бўлиб ёлланган сафдошлари билан сиёсатни муҳокама қиларди.»

Аммо, Эстебан бу мунозараларда иштирок этмасди.

«Бобом уларга: «Бола билан сиёсат ҳақида гаплашманглар», - дердилар. У бутун оиласи қирилиб кетгани учун менинг келажагимни, ҳаётимни шу йўл билан ҳимоя қилмоқчи эди. У менинг порлоқ келажагимни таъминламоқчи эди».

Сиёсий мунозаралардан ташқари Троцкий уйининг аҳли табиатга чиқиб туришарди. Эстебан бу сафарларни жуда яхши кўрарди. «Биз бобомнинг АҚШдан келган дўстлари билан пикникка чиқардик. Икки-учта машинага ўтириб, шаҳардан икки соатлик узоқликдаги жойларга бориб кактус терардик. «Қария» бутун Мексикадан териб келинган кактус навларини ўз боғига экарди. Лекин, 24 майда бўлган биринчи суиқасд ҳаракатидан кейин бу сафарлар тўхтаб қолди, чунки қўриқчилар янги ҳужумга шай эдилар».

Ота ўрнида ота

Эстебаннинг янги уйдаги хавфсизлик ҳиссига май ойида юз берган биринчи суиқасд ҳаракати нуқта қўйди.

«Бобомнинг ётоқхонасига қўшни хонада тинчгина ухлаётгандим. Вақт тонгда соат тўртлар эди, чамамда. Тўсатдан кимдир боғдан кириладиган эшикни очди. Мен аввалига у уйдаги бирон котиб бўлса керак деб ўйладим, лекин улар милтиқдан ўт очишди», - дея ҳикоя қилади у.

Image caption Эстебан Волков ҳали ҳам бобосининг уйида яшайди

Ўсмир каравоти томон отилган ўқлардан бири унинг оёғини енгил яралаган. У каравотидан эмаклаб тушиб, бурчакка тиқилиб олган, сўнгра эса қўриқчилар хонасига кириб олиш учун кутубхона орқали қочган. Троцкийнинг қўриқчилари жавобан ўт очар эканлар, ҳужумчилар ғойиб бўлганлар. Кўп ўтмай, Эстебан бобосининг овозини эшитган.

Ҳужум ортидан бобосининг руҳи жуда кўтаринки эди. «Тасаввур қилинг, Сталиннинг буйруғи билан амалга оширилган суиқассддан омон қолишни?» - дейди Волков. Унинг айтишича, кўп ўтмай унда қўрқув ҳисси ариган ва уйда яна осойишталик ҳукм сура бошлаганди.

Бобосининг ўлими ортидан Эстебан Волков ўгай бувиси билан Мексикада қолди. У университетни тамомлаб, тўрт фарзандни вояга етказди. У бувиси Наталья ёлғиз қолишини истамасди.

Наталья Седова 1962 йилда вафот этди. Бугунда сал кам 90ни қоралаган Волков ҳали ҳам Троцкийнинг Мехикодаги уйида яшайди. Айни уйнинг бир қисми музейга айлантирилган. Эстебан ўз бобоси билан кўп умр кечирмаган бўлса-да, бобоси унинг ҳаётида катта роль ўйнаганини айтади.

«Қария мен учун ота ўрнидаги ота эди. Менинг муаммом шуки, бу каби шахслар менинг ҳаётимда жуда тез-тез ўзгариб турган - ота ва она ўрнидаги ота-оналар, демоқчиман. Мен ниҳоят бир барқарор васийни топганимда, у ҳам узоқ яшамади. Кейин мен бобом ҳали ҳам ёнимда, тирик эканини тушларимда кўрганман», - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio