Мигрантми ё-да қочқин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Франциядан Британияга ўтиш нуқтаси ҳисобланган Кале бандаргоҳидаги симтиканли девордан ўтишга ҳаракат қилаётган ё-да Ўрта Ер денгизида одамларга лиқ тўла қайиқлар суратлари охирги ойларда Ғарб матбуоти саҳифаларида энг кўп учраётган манзара.

Лекин бу инсонларни ким деб аташ тўғрироқ?

Инглиз тилининг Оксфорд луғатида айтилишича, "мигрант ўз яшаш еридан бошқа жойга вақтинча ё-да ҳамишага кўчган шахсдир".

Бу иборани Би-би-си дохил кўплаб матбуот ташкилотлари мўътадил маънода қўллаб келганлар. Лекин ҳозирда бу ибора танқидга учрамоқда.

Аl-Jazeera агентлиги вебсаҳифаси эндиликда лозим тақдирда "қочқин" иборасини қўллаши ҳақида билдирди. Агентликнинг онлайн муҳаррирининг ёзишича, "мигрант ибораси луғавий маъносидан узоқлашиб, камситувчи ва узоқлаштирувчи маъно касб этган". Washington Post рўзномаси эса бу иборадан мутлақо воз кечишни ҳам таклиф қилди.

Баъзилар "мигрант" сўзи мажбуран яшаш жойини ташлаб чиққанларни гўёки ўз хоҳишларига асосан кўчганлар сифатида тасвирлайди демоқдалар.

БМТ ҳужжатларда қайд этилишича, "Мигрант термини бирон шахс томонидан кўнгилли равишда кўчиш қарори олинган ҳар қандай ҳолда, ўз қулайликлари нуқтаи назаридан ва ташқи факторлар аралашувисиз олинган ҳолатларни ҳам ўз ичига олган вазиятларда қўлланилиши мумкин".

2004 йилда Google қидирув статистиксини олиб бора бошлаганидан бери мигрант сўзи охирги вақтларда энг кўп қидирилган сўз экан. Британиядаги нашрларда эса охирги ойда энг кўп чоп этилган сўз бўлган. "Қочқин" сўзига нисбатан "мигрант" сўзи икки баробар кўп ишлатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

1951 йилги Қочқинлар Конвенциясига мувофиқ "қочқин - ирқи, дини, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий қарашлари учун тазйиқ остига олинишнинг асосли хавфи остида бўлгани учун мамлакатидан ташқарида бўлган ё-да бу каби хавф туфайли ўша мамлакат ҳимоясидан фойдалана ололмайдиган шасхдир".

Оксфорд Университетида қочқинлар муаммоларини ўрганиш марказидан бўлган Александр Беттснинг айтишича, қочқин сўзи биз уларнинг ўнгида муайян мажбуриятга эга эканлигимизни, уларни бизнинг ҳудудга келишларига рухсат бериб, бошпана сўрашларига имкон яратишимиз кераклигини англатади.

Лекин бошпана сўраш расмий жараёнидан ўтмаган инсонни қочқин деб аташга қарши бўлганлар ҳам талайгина.

Тарихчи ва Daily Telegraph рўзномаси шарҳловчиси Тим Станлейга кўра, "Бирон шахсни қочқин ё-да иқтисодий муҳожир дея расман мавқе берилиши Оврўпо Иттифоқи давлатларида бу борада қарор қабул қилинган нуқтани англатади. Яъни ҳар бир давлат у ерга етиб келган шахсни ким деб аташни ҳал қилади".

Айни вақтда бошпана сўраш аризаси қондирилмаганлар учун "ноқонунуий мигрант" иборасини қўллаш борасида ҳам баҳслар пайдо бўлди.

Migrants Rights Network ташкилоти раҳбари Дон Флиннинг айтишича, "ноқонунуий мигрант" ибораси хавфли иборадир.

"Бундан кўра ҳужжатлаштирилмаган мигрант ибораси тўғрироқ бўларди. Чунки кимнидир "ноқонуний" дея аташ уларни жиноятчи сифатида кўрилиши билан баробардир".

Лекин бошқаларга кўра, кимда-ким бирон мамлакатга тегишли рухсат, визасиз келса, демак қонунга қарши амал қилган, демак улар "ноқонунуий".

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Албатта мамлакатга қонуний йўллар билан келишга ҳаракат қилаётганлар билан бошқа йўллар орқали келаётганлар орасида фарқни аниқлаштириш уринишлари мавжуд.

Тим Станлейнинг айтишича, у "ноқонунуий сўзини ишлатишни ноқулай кўраётганларни тушунади, лекин ибора жуда аниқ-таниқ ва мамлакатга кириб келиш ва у ерда қолиш учун қонунни бузган шахсни аниқ белгилайди".

Бу баҳсларнинг яна бир жиҳати бор. Ғарб мамлакатларидан бошқа ерларга бориб яшашни ихтиёр қилганларга нисбатан ҳеч қачон "мигрант" ибораси қўлланмайди. Уларни "экспат" дея атайдилар. Яна савол туғилади "нима учун?"

Лекин кўплар "мигрант" сўзи камситувчи эканлигини рад этадилар.

"Бу бирон жойдан бошқа ерга кўчган ҳар қандай шахсни аниқ белгилайди", дейди Migrants Rights Network дан Дон Флинн.

Ушбу ташкилот учун мақоллар ёзиб келган Жидис Вонбергнинг айтишича эса "мигрант" сўзидан воз кечишга ҳаракат қилиш муаммони янада чуқурлаштиради.

"Қочқин яхши инсон, мигрант ёмон" деган маънони касб этиши мумкин", дейди у.

Бундан ташқари "иқтисодий мигрант" ибораси юзасидан ҳам баҳслар мавжуд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Оксфорд Университетидан Беттснинг айтишича, бу ибора мажбурликдан эмас, танлов асосида кўчган шахсни таърифлаш учун ишлатилмоқда.

Лекин бошқа ерлардан келганларга нисбатан аввал ишлатилган баъзи иборалар ҳозирда йўқолиб кетган. Иккинчи Жаҳон урушидан аввал "келгинди" (alien) сўзи кўп ишлатиларди.

"Британиянинг мигрантлар ҳақидаги илк қонуни "1905 йилги келгиндилар акти" деб аталган", дейди De Montfort университети профессори Паникос Панайи.

Лекин АҚШда бу ибора фуқароликни қабул қилмаган хорижлик маъносида ҳануз ишлатилади.

Президент Обама маъмурияти бундайларга нисбатан "орзумандлар" ижобийроқ иборасини қўллашни таклиф қилган. Яъни "Америка орзуси"га интилганларни таърифлашга уриниши сифатида.

Буларга қўшимча "муҳожиратдаги инсон" (exile) ибораси ҳам бор.

Бу ибора мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлган, лекин ҳануз у ер билан сиёсий алоқаларга эга ва бир кун қайтиб бориш режасига эга бўлган шасхаларга нисбатан ишлатилади. Масалан, аксар сурияликларни ҳозирда айнан шу мавқеда кўрадилар.

Муҳожирларни қандай таърифлаш кераклиги ҳақидаги баҳслар баъзилар учун кўнгилхушлик бўлса, муҳожирларнинг ўзлари учун анчайин муҳим мавзу.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio