Бангкок портлашида гумон қилинган шахс туркияликми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Royal Thai Police

Таиланд полицияси хабар қилишича, пойтахт Бангкокдаги Эраван Ҳинду ибодатгоҳидаги портлашни уюштиришда гумон қилиниб қидирилаётган шахсни ҳибсга олган.

Бу шахснинг Туркия фуқароси экани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Ҳибсга олинган шахснинг Тай миллатига мансуб эмаслиги, Тай тилида сўзлашмаслиги маълум бўлган.

Бангкок полицияси сўзчиси Правут Саворнсири айтишича, пойтахт шимолидаги кўп қаватли турар-жой биноларидаги хонадонлардан бирига рейд уюштирилган ва бу хонадонда бир шахс ҳибс этилган ва бомба тайёрлашда фойдаланиш мумкин бўлган материаллар топилган.

Гумондор “биз қидираётган шахсга ўхшайди”, деб айтган полиция сўзчиси.

Мамлакат полицияси раҳбари ўринбосари генерал Чактип Чайжинда телевидениенинг тўғридан-тўғри эфирга узатилган кўрсатувида бир шахс ҳибсга олинганини тасдиқлаган.

Генерал ўнлаб паспортлар топилганини ҳам айтган.

Бу паспортлар ҳақиқийми ёки сохта эканини текшириш талаб қилинади.

17 август куни шаҳар марказидаги ҳар доим одамлар билан гавжум Эраван ибодатгоҳида портлаш рўй берган ва оқибатда 20 инсон ҳалок бўлган.

Шаҳарда ўрнатилган кузатув камераларига сариқ кўйлакли ёш йигит тушиб қолган, видеокадрларда у елкасидаги рюкзакини ибодатгоҳ четида қолдириб кетаётгани тасвирга олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Кузатув камераларидаги тасвирлар асосида гумондорнинг фотороботи ясалган ва қидирув эълон қилинган эди.

Портлашни ташкил қилган одамни топишга кўмак берадиган ахборот учун бир миллион Таиланд бахти ёки 28 минг долларга тенг мукофот пули эълон қилинган.

Асосий гумондорни ҳибсга олишда мукофот пули ҳақидаги эълон ёрдам бердими-йўқми, маълум эмас.

Полицияга кўра, портлашни режалаш ва амалга оширишга камида 10 одам иштирок этган ва бунинг учун бир ой ёки ундан кўп вақт кетган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ