Украина ва Россияни иккига бўлган кўча

Милове Луганск минтақасида жойлашган.

Жангу жадал ўн чақирим нарида... Бу ерда эса, ит ҳуриб, кўчани кесиб ўтмоқда.

Айни манзара Украинанинг барча минтақасида жонланиши мумкин.

Аммо, “Халқлар дўстлиги” деб аталмиш бу кўчанинг нариги бетида Чертково шаҳарчаси ва у Россияга қарайди.

Кўчани кесиб ўтган кучуги ортидан эгаси ҳам ўтадиган бўлса, чегарани ноқонуний бузиш айби билан ҳибсга олишлари мумкин.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларни эса, дўстона деб атаб бўлмайди.

Ўртада оташкесим, аммо таъбир жоиз бўлса, оташнинг бари кесилгани йўқ.

Луганск ва Донетцкдаги айрим минтақаларда россияпараст жангарилар ва Украина кучлари урушишмоқда.

Украина ҳудудида жойлашган айрим дўконлар Россия рублида ҳам савдо қилишади.

Шу йўл билан қўшни давлат харидорларини ўзларига жалб этади.

Россиялик харидорлар давлат қонунига кўра, барча маҳсулотларни расмий чегара нуқтасидан рўйхатга олиб ўтказишлари керак.

Аммо, бу қонунга ҳеч ким бўйсунмайди.

Миловеда яшайдиганлардан бири, “ўзларидаги дўконга боришмайди, чунки бизда арзонроқ ва Украинадаги колбасалар, сариёғ Россиядагидан кўра мазалироқ”, дейди.

Маҳаллий чегарачилар ҳам бунақа савдо-cотиққа қаршилик қилишмайди.

Аммо, жангу жадал авжига чиққанида, бу ердагилар тунда ертўлаларда жон сақлашарди.

Бир йил аввал Украина чегара нуқтасига ҳужум қилишди.

Граната отадиган ускуна билан нишонга олишди.

Лекин, ҳеч қандай талофат кўрилмади.

Image caption Россияликлар чегарага кузатув камераларини ўрнатишди.

Ўшандан бери бу шаҳарча ҳаётида катта бир воқеа рўй бергани йўқ.

Фақат аскарлар кўчаларни кезиб, қўриқлаб юришади.

“Халқлар дўстлиги” кўчасини ҳам ҳар икки тарафга кесиб ўтишади.

Икки давлат чегарачилари ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилиш учун учрашиб туришарди.

Бироқ, давлатлар ўртасидаги зиддият кучайганидан кейин бу учрашувларга нуқта қўйилди.

Россияликлар чегарага кузатув камераларини ўрнатишди.

Киевдагилар эса ўртада девор қуриб, чегарани мустаҳкамлашни режаламоқда.

Аммо, Миловедагиларнинг ҳаммаси ҳам бу девор қурилишини истамайди.

Бир кўча наридаги қўшнилар билан ажраб қолишни тасаввур қилинг.

Украиналиклар ҳозирнинг ўзида кучайтирилган чегара назорати остидалар, россияликлар эса ички ҳужжатлари билан чегарадан ўтишлари мумкин эмас.

Валерий Фёдорович учун бу жуда ёмон ҳолат, у йилларки ўзининг картошкаларини қўшниларга, Россияга сотади.

“Мен шунча картошкани энди нима қиламан”, деб шикоятомуз сўрайди у.

"Улар бу деворни қуриш учун каттагина пул сарфлашади. Одамларга беришсин бу пулни. Мен Шўролар даврида Олмонияда хизмат қилганман. Берлин девори одамларни ажратиб қўя олмаганди. Вақти келиб бу девор ҳам қулатилади”.

'Эчки соғиш'

"Маҳаллий аҳоли Россиядан қўрқмайди”, дейди Миловенинг ҳокими Владимир Мирний.

Улар Россия ҳукуматининг Миловедаги сиёсатига қарши, аммо қўшни русларга нисбатан муносабатлари ёмон эмас.

Икки қўшни ва деярли қўшилиб кетган шаҳарча аҳолиси ўртасидаги муносабатлар ёмон эмас, аммо ҳар йили ўтадиган дўстлик байрами бекор қилинган.

Зиддиятнинг сиёсий томони билан аксариятнинг иши йўқ.

Ҳар кунги рўзғор аксариятнинг ташвиши...

"Мен агар телевизор кўрмасам, урушдан қўрқмайман”, дейди Сергей.

Иш йўқ ва тобора ошиб бораётган турфа хизмат солиқлари қаршисида у фақат қишнинг ғамида...

Аксарият миловеликлар ишсиз, ойлик ёрдам пули эса 50 доллар атрофида, холос.

Украина тарафда вазият мушкул.

"Россияликлар билан гаплашсангиз, улар ҳукуматга ишонишали, биз ҳам шундай қилишимиз керак”, дейди Вера.

"Аммо Украинада қудрат доим алмашиб туради, аммо ҳаётимизда ўзгариш кўрмаймиз”, дея хўрсинади у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ