Оврўпо йирик сонли муҳожирлар оқими билан ҳисоблашишга уринмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Минглаб муҳожирлар Юнонистон соҳилларига етиб келишар экан, ҳукумат бу қадар катта сондаги одамларга қандай ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилиш учун йиғин чақирган.

4,200дан ортиқ киши тушган икки кема Лесбос оролидан Пирей бандаргоҳига йўл солган.

Бугунда бутун Оврўпо мисли кўрилмаган сондаги муҳожирлар оқими билан ҳисоблашиши мушкул кечмоқда.

Аксари Яқин Шарқдан бўлган 2,000га яқин киши ҳамон Можаристон темирйўл станцияси ташқарисида қолиб кетишмоқда. Полиция уларнинг Оврўпо бўйлаб йўлларини давом эттиришга изн бермаган.

Оврўпо Иттифоқи чегара назорат хизмати ўтган ҳафтанинг ўзида Юнонистонга 23,000 муҳожир кирганини айтган. Бу ўтган ҳафтага қараганда 50%га кўпдир.

Оврўпо томон келаётганларнинг аксари Сурия, Афғонистон ва Эритрея фуқароларидир. Улар Туркия ва яна қатор давлатлар орқали машаққатли йўлни босиб ўтадилар.

Жорий йил ҳозиргача Юнонистонга келган одамлар сони 160, 000дан ортган. Бу эса, ўтган йили жами келганлар сонидан анчайин кўпдир.

Аммо, чоршанба куни Туркиядан Юнонистоннинг Кос оролига келаётган қайиқ ағдарилиши оқибатида камида 11 инсон чўкиб кетган. Уларнинг аксари сурияликлар эканига ишонилади.

Ҳодиса муҳожирлар йўлларда қанчалар хатарларга дуч келишлари мумкинлигини яна бир бор эслатди.

Юнон ҳукумати кириб келаётганнинг барчасига ёрдам кўрсатишга заҳиралари етарли эмаслигини айтади. Аммо, ёрдам гуруҳлари ҳукумат кўпроқ амалларга қўл уриши лозимлигини урғулашади.

Сешанба куни Президент Прокопис Павлопулос Франция раҳбари Франсуа Олландга қўнғироқ қилган ва Юнонистон юз тутаётган вазиятни Оврўпо раҳбарлари даражасида муҳокама қилишни сўраган.

Оврўпо Иттифоқи тартиб-қоидаларига биноан қочқинлар биринчи кирган Оврўпо давлатидан бошпана сўрашлари мумкин. Аммо, асосий нуқталар бўлган Италия ва Юнонистон бу қадар йирик сондаги одамлар билан ҳисоблаша олмасликларини айтишмоқда. Кўплаб муҳожирлар Оврўпо шимолига йўл солишган.

Душанба куни Можаристон (Венгрия) муҳожирларни рўйхатга олмай, кўплаб одамлар йўлларини Будапешт шарқида жойлашган Келети бекатидан Вена ва Олмония жанубига давом эттиришларига рухсат берган.

Аммо, сешанба куни бекат ёпиб қўйилган. Ҳукумат ОИ аъзоси сифатида чегарани назорат қилишга оид мажбуриятларини бажаришга ҳаракат қилаётганини айтган.

Ва айтилганидек, 2, 000га яқин киши Келети бекати ташқарисида тунашга мажбур бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ