Сурияликлар нима учун бой Араб давлатларига қочмаяпти?

Суриялик қочқинлар Оврўпага бош урар экан, Араб давлатлари нега жим, деган саволлар пайдо бўлган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Суриялик қочқинлар Оврўпага бош урар экан, Араб давлатлари нега жим, деган саволлар пайдо бўлган

Суриялик қочқинлар Оврўпа давлатларига киришга ҳаракат қиларкан, нима учун улар ўзларига яқин бўлган бой Форс кўрфази давлатларига бош урмаяпти, деган саволлар пайдо бўлган.

Сурия инқирозидан қочаётган одамлар бир неча йил Ливан, Иордания ва Туркия давлатларини кўплаб сонда кесиб ўтган бўлса-да, бошқа араб давлатлари, хусусан Форс кўрфазига жуда оз ўтишди.

Сурияликлар кўрфаз давлатларига сайёҳлик визаси ёки ишлашга руҳсат олган ҳолда расман киришлари мумкин.

Бироқ ушбу жараён кўп ҳарж бўлиши билан бирга кўрфаз давлатларида кўплаб ёзилмаган тўсиқлар борки, улар сурияликларнинг амалда виза олишини мушкул қилиб қўйиши мумкин.

Форс кўрфази давлатларига киришга улгурган омадли сурияликлар ўзларининг истиқомат муддатини чўздирган. Айримлар оиласи шу ерда бўлгани учун киришга улгурган.

Имконияти чекланганлар учун Сурия ва Форс кўрфази ўртасидаги йирик масофадек муаммо ҳам бор.

Хуш келмадингиз?

Деярли барча араб давлатларига виза олиши керак бўладиган кам сонли сурияликларнинг дуч келадиган муаммолардан бири - уларнинг бу ўлкаларда хуш қаршиланмаслиги.

Сурияликлар визасиз Араб давлатлари ичида фақатгина Жазоир, Мавритания, Судан ва Яманга кириши мумкин.

Нисбатан бой ва Сурияга яқин ушбу давлатлар 4 йилдан бери ички низолар ва мамлакатда пайдо бўлган жиҳодий гуруҳлардан азоб чекаётган сурияликлар олдида Оврўпага қараганда кўпроқ масъулият ҳис қилиши керак эмасми?

Бу савол ҳам ижтимоий ҳамда анъанавий матбуотда кўтарилмоқда.

Араб тилидаги #суриялик_қочқинларни_қабул_қилиш_Форс_кўрфазининг_вазифаси ҳэштагли жумла ўтган ҳафта твиттерда 33 минг марта ишлатилди.

Фойдаланувчилар суриялик қочқинларнинг денгизга чўкаётган, сим тиканли тўсиқлар оша олиб ўтилаётган гўдаклар ва ноқулай шароитларда ухлаётган оилалар каби таъсирли суратларини чоп этишди.

Facebookда Даниядаги сурияликлар жамоати саҳифаси қочқинларнинг Можаристондан Австрияга қиришга рухсат берилган сониялар акс этган тасвирларни жойлаштирди.

Фойдаланувчилардан бири видео остида қуйидагиларни сўради: "Биз учун кўпроқ масъулиятни зиммасига олиши керак бўлган ўз мусулмон биродарларимиз ҳудудидан, ғайридин деб таърифланадиган бошқа давлатга қочишга қандай мажбур бўлдик?"

Бошқа бир фойдаланувчи: "Яратган Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, ғайридин - бу араблардир", - деган.

"Уларнинг киришига рухсат беринг!"

Ушбу ҳолат минтақадаги матбуот ва сиёсий ўйинчиларнинг ҳам эътиборини тортган.

Ҳар куни чоп қилинадиган Саудия Арабистонининг Макка газетаси ижтимоий тармоқларда кенг ёйилган карикатурани чоп қилган. Унда Форс кўрфазига хос анъанавий кийиниб олган эркак уни ўраб турган сим тиканли эшик оша Оврўпа иттифоқи байроғи туширилган эшикка боқаётгани акс этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Саудия Арабистони газетасида чоп қилинган карикатура

"Эй бадҳулқ одамлар, нима учун уларнинг киришига изн бермаяпсиз?!" - дейди у.

Мухолифатдаги Озод Сурия Армияси қўмондони Риёд ал Асад Қувайт парламентининг собиқ депутати Файсал ал Муслим томонидан твиттерга қўйилган қочқинларнинг расмини ретвит қилди.

Унда "Оҳ, Форс кўрфази Ҳамкорлик Кенгаши давлатлари, булар бегуноҳ одамлар ва қасам ичаманки улар миллиардлаб одам ичида кўмак ва хайрияга энг лойиқларидир", - дейилган.

Бироқ ижтимоий тармоқлардаги чақириқларга қарамасдан, Форс кўрфази давлатларининг суриялик қочқинлар масаласида муносабати ижобий томонга ўзгарадиган эмас.

Image caption Бой араб давлатлари асосан жанубий шарқий Осиёдан малакаси йўқ ишчиларни жалб қилади

Кўрфаздаги Қувайт, Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларининг ишчи ёллаш борасидаги қизиқишлари кўпроқ жанубий шарқий Осиё давлатлари ва Ҳинд субконтинетидаги мутахассислиги йўқ ишчиларга тушмоқда.

Форс кўрфазилик бўлмаган араблар таълим ва соғлиқ каби ўрта синфдаги мутахассислиги бор ишларни эгаллаши Саудия Арабистони ва Қувайт юритадиган "миллийлаштириш" сиёсатига қарши келади. Бундай ишларга маҳаллий мутахассислар жалб қилинади.

Хорижлик турғунлар ушбу давлатларда барқарор ҳаёт кечиришлари ҳам мушкул, сабаби уларда фуқаролик олиш имкони йўқ.

Ҳатто, Қувайт 2012 йили хорижлик ишчилар сонини 10 йил давомида 1 миллионга қисқартириш стратегиясини ишлаб чиққанини эълон қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ