БМТ: “Оврўпо Иттифоқи 200 минг қочқинга бошпана бериши керак”

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Оврўпо эшикларини очадими?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, Оврўпо Иттифоқи қочқинларга нисбатан “қўлдан берганга қуш тўймас” қабилида муносабатни ўзгартириши ва 200 минг қочқинга бошпана бериши керак.

БМТ Қочқинлар агентлиги Антонио Гутеррасга кўра, Иттифоқ қочқинлар инқирозини ҳал этиш учун бор имкониятни ишга солиши шарт.

Ҳозирда ОИ раҳбарлари қочқинлар масаласида якдил стратегияга эга эмас.

Можаристонда юзлаб қочқинлар тутқунликда қолишмоқда.

Биске шаҳарчасида Австрия ҳудуди томон отланган поезддаги қочқинлар вагонларни тарк этишни рад қилган.

Полиция поезднинг атрофини ўраб олгани айтилмоқда.

Можаристон мулозимлари қочқинларни яқин атрофда жойлашган жамлоққа йиғиш ниятида, аммо аксарият бу мамлакатда рўйхатдан ўтиш билан Олмония ва бошқа Оврўпо давлатларида қўним топиш имкониятидан маҳрум бўлишдан хавотирда.

Будапештда эса қочқинлар Вена йўналишидаги поездларга чиқарилмаган.

Можаристон шунингдек, Сербия билан асосий ўтиш нуқтасини ёпиб қўйган.

Айни пайтда Суриянинг Кобанэ шаҳрида дунёдаги энг машҳур қочқин болакайни дафн қилишган.

У ота-онаси, акаси билан Туркия қирғоқларидан Юнонистон томон резина кемада йўлга чиққан эди.

Аммо кема ҳалокатга учраган ва уч яшар болакай дохил 12 киши қурбон бўлган эди.

Болакайнинг жасади туширилган суратлар дунёни ларзага солган, Оврўпо Иттифоқи давлатларини қочқинлар инқирозига жиддий ва амалий ёндашиш учун босим остида қолишига туртки берган.

Ана шу босимлар остида Буюк Британия ҳам “минглаб” суриялик муҳожирларни қабул қилишга ваъда берган.

Ҳозир аниқ рақамлар айтилмаган бўлса ҳам, Британия Бош вазири Девид Камерон ўз мамлакати энг муҳтож қочқинларга ёрдам беришини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ