"1 миллиард долларни жойига қўйинг ёки истеъфо беринг!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Молдовада "Аср талончилиги" деб таърифланаётган можаро кўп минг кишилик норозилик намойишига сабаб бўлган.

6 сентябр куни пойтахт Кишинёвда тўпланганлар Молдова Президенти Николае Тимофти, Бош прокурор, Миллий банк ва бошқа идоралар раҳбарларининг истеъфо беришларини, янги парламент сайлови ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Кишинёвдаги ушбу намойиш Молдовадаги 1990-йиллардан буён энг йирик норозилик намойиши деб кўрилмоқда.

Ташкилотчилар чодир шаҳарча ташкил этишни бошлаганлар.

Улар ўз талаблари бажарилмагунича тарқалмоқчи эмасликларини айтишган.

Ташкилотчиларнинг айтишларича, Молдова пойтахтига 100 мингдан ортиқ намойишчи тўпланган.

Бироқ полиция, тўпланганларнинг сони 12 мингдан ортиқ эмас, демоқда.

Оврўпонинг энг камбағал мамлакати деб кўриладиган Молдовадаги уч банкдан жами 1 миллиард доллар ғойиб бўлгани "Аср талончилиги" деб аталмоқда, намойишчилар бу ўғирлик ҳокимиятдагиларнинг аралашуви билан юз берган демоқдалар.

Норозилик амалиётини "Ишонч", "Ғурур ва адолат" деб номланган ҳаракатлар ташкиллаштирган.

Намойишчилар "Ғалаба", "Ўғрилар", "Йўқолсин мафия" дея бақирганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Намойишчилар Молдова Президенти Николае Тимофтининг истеъфосини ҳам талаб қилмоқдалар.

Айрим намойишчилар Бош прокуратура биносига бостириб киришга ҳаракат қилганлар.

Полиция билан намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиққан, бир неча киши жароҳатланган.

Молдова Бош вазири Валерий Стрелец, ҳукумат фаоллар билан мулоқотга тайёр, деб айтган.

"Аср талончилиги" жанжали бўйича Молдова парламенти сўрови бўйича хусусий детектив агентлиги Kroll текширув ўтказган ва мамлакатдаги Unibank, Banca Sociala ва Banca di Economii банкларининг раҳбарлари 2012 йили ўзгарганидан кейин шубҳали молиявий операциялар бошланганини аниқлаган.

Kroll агентлиги ҳисоботига кўра, банклардан хорижда рўйхатдан ўтган номи бору, ўзи йўқ масъулияти чекланган жамиятлар қарзлар олган ва маблағлар чет элга чиқариб олиб кетилган.

Ушбу фирибгарлик юзасидан Молдова Бош прокуратураси ҳам тергов бошлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer