Олмония муҳожирларни қўллаш учун 6 миллиард евро ажратади

Олмонияга ўтган ҳафта сўнгида 18 минг қочқин кириб келди Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Олмонияга ўтган ҳафта сўнгида 18 минг қочқин кириб келди

Олмония коалицион ҳукумати мигрантларни дастаклаш ва келаётган оқимни тақсимлаш чоралари учун 6 миллиард 600 минг доллар ажратишга қарор қилди. Мамлакатдаги танқидчилар канцлер Ангела Меркелни Олмония чегараларини очиб бериб хавфли прецедент яратганликда айбламоқда.

Австрия ва Можаристон билан бошпана бериш қоидаларини енгиллаштириш борасида келишувлардан сўнг, Олмонияга ўтган ҳафта охирида 18 минг мигрант кириб келди.

Бироқ Австрия канцлери Вернер Файман фавқулотда чоралар тугатилиши кераклигини айтди.

У канцлер Ангела Меркел ва Можаристон Бош вазири Виктор Орбан билан шанба кунги суҳбатдан сўнг вазият барқарорлашиши учун қадамба қадам силжишларини билдирди.

Можаристон Ғарбий Оврўпага кетаётган муҳожирларнинг йўлини тўсиб келаётган эди, бироқ ўтган жума куни тўсиқларни олиб ташлади ва одамларни Австрия чегараларига йўналтирди.

Би-би-си мухбири Жамес Шавнинг айтишича, одамлар чегара оша келишда давом этаркан, Можаристон Сербия билан чегараларида девор ўрнатишни тўхтатгани йўқ.

Муҳожирлар Мюнхен темир йўл бекатига келишда давом этмоқда.

Олмония томонидан муҳожирлар муаммосига қўшимча маблағ ажратиш қарори Ангела Меркел ташкил қилган икки партиядан иборат коалициянинг йиғилишидан сўнг шанба куни тунда эълон қилинди.

Ҳукумат федерал ҳудудлар ва маҳаллий ҳокимиятлар учун 3 миллирад 300 минг доллар ажратишга қарор қилган ва келажакда федерал дастурлардан ёрдам пули сифатида тушадиган яна шунча пулни беришини эълон қилди.

Эълон қилинган махсус чоралар бўйича, қочқинлик сўровчиларни қабул қилиш марказлари сони қишда яшашга ҳам мослаштирилиб 150 мингга етказилади. Қўшимча равишда 3 минг федерал полициячилар ишга олинади.

Қабул қилиш марказларида бошпана изловчиларга ёрдам пули бериш жорий қилинади. Кўпроқ маблағ интеграция ва тил курсларига сарфланади.

Косово, Албания ва Монтенегро "тинч" давлатлар рўйхатига қўшилади ва ундан келаётган бошпана изловчилар ўша оннинг ўзидаёқ депорт қилинади.

Келишув "бирдамлик" ва қочқинларни Оврўпа Иттифоқи давлатлари орасида "адолат билан тақсимлаш"га эътибор қаратади.

Олмония шу йили 800 минг қочқин ва муҳожирни қабул қилиши кутилмоқда. У қолган Оврўпа давлатларини кўпроқ ёрдам беришга чақириб келмоқда. Меркел хоним муҳожирлар ва уларнинг тарафдорлари томонидан қаҳрамон сифатида талқин қилинаркан, консерватив иттифоқ уни Можаристондан муҳожирлар оқимини кириб келишга рухсат бериш орқали "мутлақо хато сигнал" беришликда айблади.

Ички ишлар вазири қарор инсоний инқирознинг олдини олиш учун қилинган фавқулотда ечим эканлигини айтди.

Олмонияга кириб келган муҳожирлар мамлакат бўйлаб темир йўл бекатларида омма томонидан табассум ва хурсандчилик билан кутиб олинган.

Шунга қарамасдан хабар агентликларининг ёзишича, бошпана изловчилар истиқомат қиладиган марказларда тунда икки марта ёнғин чиққан.

Роттенбург марказида содир бўлган ёнғинда 5 киши жароҳатланган. Ёнғинга нима сабаб бўлгани маълум эмас.

Эбеледендаги бошпа изловчиларнинг уйида чиққан ёнғинни полиция "сиёсий сабаблар туфайли ўт қўйиш"дея ишонмоқда.

Икки ҳудуд ҳам сўнгги ҳафталарда бошпана изловчилар истиқомат қиладиган биноларга ўт қўйишга бўлган ҳаракатлари билан маълум.

Можаристон Олмонияни муҳожирлар оқимини руҳлантиришда ва ўзининг парламент руҳсат берса жанубий фронга аскарларни юбориш орқали чегара назоратини кучайтириш режаларига босим ўтказаётганликда айблади.

Можаристон жанубий чегарадаги Росзк қишлоғида мигрантлар учун янги жамлоқ очган ва чегерадаги панжара тўсиқларни шу ой битириш арафасида.

БМТнинг қочқинлар бўйича расмийси Антонио Гутеррес аъзо давлатлар қўшма режага рози бўлса, инқирозни "амалласа бўлишини" айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio