Аун Сан Су Чининг демократиясида мусулмонларга ўрин йўқми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Аун Сан Су Чи жасоратини йўқотдими?

Аун Сан Су Чи Осиё Нелсон Манделаси сифатида таърифланган пайтлар бўлганди. Ашаддий тарафдорлари учун эса, у бундан ҳам ортиқроқ - демократия маъбудаси эди гўё.

Эндига келиб, Нобел мукофоти совриндори нега ноябр сайловлари учун партия номзодлари рўйхатидан мусулмонларни чиқариб ташламоқда?

29 ёшли Ситу Маунг Аун Сан Су Чи раҳбарлигидаги "Миллий демократия лигаси"дан номзод бўлиш ва тарихий сайловларда иштирок этишга қаттиқ умид боғлаганди.

Нисбатан ёшроқ эканини ҳисобга олмаса, у бошқа барча талабларга жавоб беради.

Таниқли талабалар етакчиси "Заъфарон" деб номланган инқилобда иштирок этган ва ортидан қамоқда ҳам ўтириб чиққан. "Заъфарон инқилоби" 2007 йиллар охирида буддойи роҳиблар бошчилигида ўтказилган норозилик чиқишлари эди.

Ситу Маунг аксар мусулмонлар яшовчи Янгон шаҳарчасидаги Рабедан сайлов округини кўзлаётганди. Ўзи мусулмон бўлган йигит учун бу айни муддао эди.

Аммо, "Миллий демократия лигаси" уни қабул қилмади. Ситу Маунгнинг ўрнига буддойи номзод рўйхатга тиркалди.

У ўзининг рад қилинганига сабаб диний эътиқоди бўлганига ишонади.

"Қани энди, "Миллий демократия лигаси" ирқу динга қараб камситмаса-да, барча малакали номзодларга адолатли ва тенг имкониятни берса", дея афсус қилади у.

"Миллий демократия лигаси" ҳам ичкариси ва ҳам ташқарисидаги манбаларимиз партиянинг минтақа ва умумий сайловлар учун танлаган 1,151 нафар номзодидан бирор нафари мусулмон эмаслигини айтишади.

Бу камситиш сиёсати эканини исботлаш мушкул. Аммо, бир нарса - Янгон ва Мандалай каби аксар мусулмонлар яшовчи ҳудудларга панжа орасидан қаралаётгани аниқ.

Мусулмон номзодлар ҳақида сўрар эканмиз, партия асосчиларидан бири, 89 ёшли Ю Тин Оо: "Мен билмайман", деган жавоб билан чекланди.

У номзодлар орасида мусулмонлар йўқлигини "Миллий демократия лигаси" рўйхати Мянмарнинг фуқаролик тартиб-қоидалари асосида тузилгани билан изоҳлади.

Бироқ, Ю Тин Оо келтирган факт фуқаролиги йўқ Роҳинга мусулмонлари ҳолатини изоҳлайди, холос. Асрларки, авлод-аждодлари Бирмада яшаб келаётган кўплаб мусулмонлар учун бу сабаб бўла олмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Йўлдан оғишиш

Мянмар мусулмонлари аниқ сони ўта нозик масала. Ўтган йилги аҳолини рўйхатга олиш натижалари ошкор қилинмади. Шундай экан, мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 4дан 10 фоизгача бўлган қисмини ташкил қилиши тахмин қилинади.

2012 йил парламентга сайланганидан бери Аун Сан Су Чи мамлакатнинг қаттиққўл роҳиблари кўнглини ранжитиб қўйишдан қочиб, ўз йўлидан оғишган.

Бу эса, Ғарб инсон ҳақлари гуруҳларининг хафсаласини пир қилди.

Жорий йил бошларида БМТ махсус вакили Янги Ли таниқли буддойи роҳиб томонидан ҳақорат қилинган пайти Аун Сан Су Чининг сукут сақлагани, уни ҳимоя қилиб чиқмагани ошиб тушди. Роҳиб Ашин Вирату Ли хонимни ўшанда "фоҳиша" деб атаганди.

Асосийси ғалабами?

Мусулмон номзодлардан воз кечиш қарорига шу нуқтаи назардан қараш тўғрироқ бўлади. Сайловдан кейин армия билан кечган мураккаб музокаралар ортидан "Миллий демократия лигаси" роҳиблар билан қарама-қаршиликка бормаслик йўлини танлади.

"Унинг "Қўрқувдан халос бўлиш"ни (Аун Сан Су Чининг иншолар тўплами) ёзгани истеҳзоли... Ҳозир у нимадандир қўрқади", дейди мусулмон фаоллардан бири. "Ўйлашимча, Су Чи жасоратини йўқотди", дея қўшимча қилади фаол.

1990 йиллардан то 2000 йиллар бошларигача мамлакатни бошқараётган генералларга қарши тура олган аёл учун бу ҳақоратли танқид эканига шубҳа йўқ.

Биз билан суҳбатда бўлган яна бир фаол ҳам мусулмонларни номзодлар рўйхатидан чиқариш "нотўғри" қадам бўлганини айтади.

"Миллий демократия лигаси" учун ишлаган ва узоқ йиллар уларга содиқ бўлган мусулмонлар кўп. Парламентда озчиликлар овоз бўлиши муҳим", дейди фаол Мя Ай.

Ноябрга мўлжалланган умумий сайловда парламентдаги 25 фоиз ўринни армия эгаллаши аллақачон кафолатланган.

"Миллий демократия лигаси" эса, парламент ўринларининг учдан икки қисмга кўз тиккан. Бу - катта нишон. Аммо, агар мақсадга эришилса, партия келаси президентни танлаш эркинлигини қўлга киритиши мумкин.

Агар учдан икки қисмни имкониятдан ташқари бўлиб чиқса, "Миллий демократия лигаси" кичикроқ партиялар дастагига суянишига тўғри келади.

Аун Сан Су Чи ҳозирга қадар бир қатор сайловолди тадбирларида иштирок этди, бу тадбирларга кўплаб одамлар келишди.

Энди эса, яна бир имконият туғилди, афтидан, унинг учун ҳозир энг муҳими ғалаба қилишдир...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ