Зиддизаҳарнинг охири кўриниб қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gerald Buff CorsiVisuals Unlimited Inc.

Дунёда илон чаққанда энг яхши фойда берадиган зиддизаҳар тугаб бораётгани ўн минглаб инсонлар ҳаётини хатар остига қўймоқда.

Бу ҳақда "Чегара билмас шифокорлар" мутахассислари огоҳлантиришди.

Ташкилотга кўра, Fav-Afrique деб номланган дорини янгидан ғамлашга эҳтиёж жуда катта.

Ушбу дори Саҳрои Кабир жанубидаги мамлакатларда учрайдиган 10 хил илон заҳрига қарши фойда қилади.

Бугунга келиб зиддизаҳарнинг охири кўриниб қолган, қолгани бор-йўғи 2016 йилгача етиши мумкин. Аммо, унинг ўрнини босадиган бирон бир дармон ҳозирлангани йўқ.

Эмдори ишлаб чиқарувчи Sanofi Pasteur ширкатига кўра, зиддизаҳар нархи ҳаддан ортиқ кўтарилиб кетган.

Муқобил дорилар мавжуд, аммо "Чегара билмас шифокорлар" ташкилотига кўра, улар Fav-Afrique ўрнини боса олмайди.

Fav-Afrique Саҳрои Кабир жанубидаги мамлакатларда учрайдиган илонлар заҳрига қарши бериладиган ягона хавфсиз ва яхши самара берувчи дори ҳисобланади.

Sanofi Pasteur зиддизаҳарни тайёрлашга оид кўрсатмаларни бўлишиши мумкинлигини айтган.

Ширкат ўтган йил қутуришга қарши дори-дармон ишлаб чиқаришга ўтар экан, зиддизаҳар ишлаб чиқаришни тўхтатганди.

Бошқа бир корхона билан айнан Fav-Afrique ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар кетаётгани, аммо ушбу жараён 2016 йил охирларигача давом этиши айтилади.

Бу эса, "Чегара билмас шифокорлар"га кўра, зиддизаҳар бозорларга етиб келгунга қадар яна икки йил кераклигини англатади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SML
Image caption Дунё бўйлаб йилига 5 миллион кишини илон чақади

Ташкилот илон заҳрини даф қилувчи хавфсиз ва самарали дорининг йўқлиги эса, ҳисобсиз ўлим ҳолларига етаклаши мумкинлигидан хавотир билдиради.

"Зиддизаҳарсиз одамлар ҳаётдан кўз юмишлари мумкинлигидан ташвишдамиз", дейди "Чегара билмас шифокорлар" ташкилотидан Полли Маркандия.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, илон чақиши ҳоллари билан ҳисоблашишга кўпроқ диққат қаратиш ва сармоя ётқизиш лозим. Ташкилот ҳозирча бу масала эътиборсиз қолдирилган.

Дунё бўйлаб йилига 5 миллион кишини илон чақади. Улардан 100, 000 нафари ҳаётдан кўз юмади, 400,000 инсон бир умрга ногирон бўлиб қолади.

Саҳрои Кабир жанубидаги Африка давлатларининг ўзида йилига 30, 000 киши илон заҳридан вафот этади, 8,000 одам эса, ампутацияни бошидан кечиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio