Украина бош вазири Яценюк Чеченистонда урушганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Бош вазири Арсений Яценюк 1990-йилларда биринчи Чеченистон урушида Россия қўшинларига қарши жангларда қатнашгани ҳақидаги баёнот катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ўзларида Арсений Яценюкнинг Россия армиясига қарши урушгани ҳақида маълумотлар борлиги ҳақидаги баёнот билан чиқди.

Биринчи Чечен уруши деб номланган урушда чечен исёнчилари тарафида украин миллатчиларининг "Украина миллий ассамблеяси-Украина халқ мудофааси" - УНА-УНСО ташкилоти аъзолари иштирок этганлар.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари сўзларига кўра, Яценюк УНА-УНСО сафларида бўлган.

"Тергов маълумотларига кўра, Арсений Яценюк камида икки жангда, 1994 йил 31 декабр куни Грозний шаҳридаги "Минутка" майдонидаги ва 1995 йил февралида Грозний шаҳрининг 9-шифохонаси ёнидаги жангларда, шунингдек, 1995 йил 7 январида Грозний шаҳрининг Октябрский туманида Россия армияси ҳарбийларидан иборат асирларни қийноққа солиш ва отиб ташлашда қатнашган", деб айтган Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин.

УНА-УНСО ташкилоти Россияда экстремист ташкилоти деб эълон қилинган ва тақиқланган.

Чечен бўлгинчиларининг собиқ раҳбарларидан бири Аҳмад Закаев 1990-йиллардаги урушда бошқа украин миллатчилари билан кўришганини, бироқ Арсений Юценюкни кўрмаганини айтди.

"Айримларини биз урушдан кейин давлат мукофотларига ҳам тақдим қилган эдик. Бу украинларнинг кичик гуруҳи эди. Ва уларнинг ҳаммаси бизга таниш эди. Шунинг учун Яценюк у ерда бўлмаганига ишончим комил", деб айтган Аҳмад Закаев.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтишича, Тергов қўмитаси бу борадаги текширувни якунига етказмагунча жаноб Бастрикин баёнотини шарҳлашга шошилмаган маъқул.

Украина бош вазири матбуот котиби "жаноб Бастрикиннинг руҳий саломатлигини текшириб кўриш"ни маслаҳат бериб чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ