АҚШ: ИД кимёвий қурол ясаган ва ишлатган бўлиши мумкин

Хантал гази тери йиринглаши, кўз кўрмай қолиши ва нафас олишнинг қийинлашиши каби асоратларга олиб келади Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Хантал гази тери йиринглаши, кўз кўрмай қолиши ва нафас олишнинг қийинлашиши каби асоратларга олиб келади

АҚШ ҳукумати ўзини Исломий давлат деб таништираётган гуруҳ кимёвий қурол ишлаб чиқараётгани ва уни Ироқ ҳамда Сурияда ишлатаётганига ишонишини айтган. АҚШ расмийси Би-би-сига ИД Ироқ ва Сурия чегараларида камида 4 марта иприт моддасини ишлатганлиги ҳақида маълумотлар борлигини билдирди.

Би-би-сига маълум бўлишича, жангарилар ипритни кукун ҳолида портловчи моддага қўшган ҳолда ишлатади. Хантал газидан тайёрланувчи иприт тақиқланган кимёвий қуроллар сирасига киради ва тери йиринглаши, кўз кўрмай қолиши ва нафас олишда муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Америка ҳукумати жангарилар тақиқланган кимёвий моддаларни ўзлари тайёрлаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Иприт ўзи нима?

Ушбу кимёвий моддани изоҳлаш учун "хантал гази" атамаси ишлатилади, бироқ у маълум ҳаво ҳароратида суюқлашади.

Хантал сульфати айрим ҳолларда саримсоқпиёз, пиёз ёки хантал каби анқийди. Айрим ҳолларда умуман ҳид чиқармайди. Унинг ранги оч сариқ ёки жигарранг бўлиши мумкин.

Одамлар ундан тери, кўз ёки ҳавога пар сифатида таралса нафас олиш йўллари орқали зарарланиши мумкин. Иприт танага текканида терида пуфакчалар ҳосил бўлиши ва пўст ташлаш ҳолатлари кузатилади.

Иприт ҳалокатли бўлмаса ҳам, уни танадан бутунлай чиқариб юборувчи зиддизахар ёки даволовчи восита йўқ.

Қуролларни йўқ қилиш тўғрисида ҳисобот

Кимёвий моддаларни ишлатиш айблари бундан олдин Башар Асад ҳукумати кучлари ва унга қарши курашаётган жангари гуруҳларга нисбатан ҳам ишлатилган.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти 2014 йили Сурия шимолидаги аҳоли яшайдиган 3 нуқтада хлор қурол сифатида ишлатилган бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Ҳозир Ироқ-Сурия чегарасида бўлиб турган Би-би-си мухбири Иэн Пэннел, кимёвий қурол ишлатилганига исбот-далилларни ва ундан жабрланган одамларни кўрганини айтмоқда.

Сурияда кимёвий қуроллар сақланиши мумкин эмас. 2013 йили БМТ раҳнамолиги қабул қилинган келишувга кўра, Сурия ҳукумати кейинчалик йўқ қилиб юбориш учун ўзидаги бор захарловчи моддаларни топширишга кўнган эди.

Суриядаги зарин ва асаб толаларини фалаж қилувчи кучли XV воситаси каби ҳарбий захарловчи моддалар заҳираси 1300 тонна деб баҳоланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исломий давлат кучлари Сурия ва Ироқдаги катта ҳудудни босиб олган

Захарловчи хусусиятига қарамасдан хлор тақиқланган кимёвий қуроллар рўйхатига кирмайди.

Кимёвий қуролларни тақиқловчи ташкилот 2014 йилнинг июн оқида Суриядан барча кимёвий қуроллар олиб чиқиб кетилганини билдирди.

Кимёвий ҳужум суриштируви

Август ойида БМТ Сурияда захарловчи моддаларни ҳарбий мақсадларда қўллаган шахсларни топиш борасида текширув бошлади.

Ўшанда Америкалик ҳарбийлар ИД Ироқда кимёвий қурол қўллагани бўлиши мумкинлиги борасида илк маротаба гапирди.

АҚШ генерали Кевин Киллеа Ироқдаги курд жамоасига қарши ҳужумда ИДга тегишли бўлган минамёт парчалари текширилганида кимёвий қурол излари топилганини айтганди.

Олмония Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 60 курд жангариси ИД ҳужумларидан сўнг нафас олишда қийинчиликларга дуч келганини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio