Порошенко қочқинлар инқирозида Россияни айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Кремл Асад армиясига қурол-яроғ етказиб бераётганини тан олган

Украина Президенти Пётр Порошенко Яқин Шарқдан Оврўпо Иттифоқига қочқинлар оқимининг кескин ортишида Россияни айблаган.

"112 Украина" телеканали орқали чиқишида жаноб Порошенко Оврўподаги муҳожирлик инқирозини Сурияга рус қўшинларининг ташлангани ҳақидаги миш-мишлар билан боғлаган.

"Қримнинг ноқонуний аннекция қилиниши Кремлни кейинги қадамга ундади. Россиянинг "яшил одамчалари" Сурияга ташланмоқда", деган Украина раҳбари.

Айни пайтда Россия Суриядаги ҳарбий ҳаракатлардаги бевосита иштирокини рад этмоқда.

Аммо Кремл Асад армиясига қурол-яроғ етказиб бераётгани ва Сурияда ҳарбий мутахассисларини жойлаштирганини тан олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Порошенкога кўра, Россиянинг "яшил одамчалари" энди Сурияга ташланмоқда

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, рус ҳарбийлари бир неча йилдан буён Сурия ҳукумат кучларига "Исломий давлат"га қарши кураш учун зарур ҳарбий техникани ўзлаштиришда ёрдам кўрсатиб келади.

Россия ҳарбийларининг Суриядаги жангларда тўғридан-тўғри иштирок этаётгани ҳақидаги хабарлар ўтган ой пайдо бўлган эди.

Интернетда бундан аввал хорижга етказиб берилмаган Россия ҳарбий техникаси акс этган сурат ва видеолавҳалар эълон қилинган.

Оврўпода бир неча ойдан буён давом этиб келаётган муҳожирлик инқирози сўнгги ҳафталарда янада кескинлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қочқинларнинг аксарияти фуқаролар уруши ичида қолган Суриядан

Қочқинларнинг кўпчилиги тўрт йилдан буён фуқаролар уруши давом этаётган Суриядан Оврўпога йўл олган инсонлардир.

Айни пайтда Сурия ахборот вазири Умрон Зуби Оврўпо жорий инқироз учун масъул эканини даъво қилган.

Унинг айтишича, бошпана изловчиларнинг аксарияти Президент Башар Асад мухолифлари, жумладан, "Исломий давлат" назорати остидаги минтақалардан қочишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio