АҚШ боксчиси Рой Жонс Россия фуқаролигини олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Президенти Владимир Путин америкалик боксчи Рой Жонсга Россия фуқаролиги берилиши борасидаги фармонга имзо чекди.

Кремль сайтида эълон қилинган ҳужжатда ёзилишича, фуқаролик аризаси "Россия президенти фуқаролик ва сиёсий бошпана масалалари борасида қарор қабул қилишига ваколат берувчи Россия Федерацияси конституциясининг 89-моддасига биноан" қондирилган.

Машҳур америкалик боксчи ва мутлақ жаҳон чемпиони Рой Жонс шу йил августида Россия фуқаролигини сўраб ариза топширган.

"Мен Россия жамиятининг фаол аъзоси бўлишни истайман. Мени Россия жамоатчилиги қанчалик яхши кўрса, мен ҳам уни шунчалик яхши кўраман. Россия фуқаролигини олишим менга мамлакатлар ўртасидаги кўприкни қуриш ва уларни бирлаштириш вазифамга ёрдам беради", - деди боксчи.

Айни дамда у ўз қарори сиёсат билан боғлиқ эмаслиги, балки АҚШ ва Россия ўртасидаги спорт ва маданий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.

Рой Жонс ўзининг Россия фуқароси бўлиш истаги ҳақида Владимир Путин билан Севастополдаги учрашуви чоғида айтган. Президент агар боксчининг келажакдаги фаолияти Россия билан боғлиқ бўладиган бўлса, унга ёрдам беришга ваъда берган.

Ўшанда боксчининг продюсери Владимир Хрюнов Рой Жонс АҚШ фуқаролигини ҳам сақлаб қолишини айтганди.

Жонс бокс бўйича тўртта категорияда жаҳон чемпиони бўлган. У профессионал рингда 62 марта ғалаба қозонган ва 8 марта мағлуб бўлган.

2013 йил январида француз актёри Жерар Депардье ўз мамлакатидаги юқори солиқлардан норозилиги туфайли француз фуқаролигидан воз кечишини айтиб, Россия фуқаролигини олганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio