Қуддуси шарифдаги Ал-Ақсо масжидида тўқнашувлар юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Ал-Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади

Исроил полицияси Қуддуси шарифдаги Ал-Ақсо мажидига бостириб кириши ортидан масжид ташқарисида фаластинликлар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган.

Полиция масжидга "тартибсизликларнинг олдини олиш учун" кирганини айтган.

Хабарларга кўра, Исроил полицияси фаластинликларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталарни ишлатган.

Исроил матбуотининг хабар беришича, масжид ичида паноҳ топган тартибсизлик қатнашчилари полицияга қарата тош ва мушаклар улоқтиришган.

Исроил ҳукумати ҳодиса жойига махсус полиция кучларини йўллаган.

Jerusalem Post рўзномасининг ёзишича, Исроил полицияси Шарқий Қуддусда портловчи моддаларни яширганликда гумон қилинаётган фаластинликларни қидираётганди.

Нашрга кўра, гумондорлар масжидда яширинган.

Тўқнашувлар яҳудийларнинг янги йили- Рош Ҳашанаҳ арафасида юз берган.

Ўтган ҳафта Исроил мудофаа вазири Моше Ялон яҳудий зиёратчиларига қарши бўлган икки мусулмон гуруҳини тақиқлаши ортидан Қуддусда кескинлик янада кучайган.

Июл ойи охирида ҳам шунга ўхшаш тартибсизликлар юз берганди.

Ал-Ақсо масжиди Муҳаммад Пайғамбар номи билан боғлиқ бўлиб,Ислом Пайғамбарининг меърожга шу ердан кўтарилгани айтилади.

Ал-Ақсо Ислом оламида Маккадаги Ал-Ҳарам ва Мадинадаги Пайғамбар масжидидан сўнг учинчи муқаддас жой саналади.

Масжидда бир вақтнинг ўзида беш минггача киши намоз ўқиши мумкин.

Айни пайтда Қуддуснинг Эски шаҳар қисми Исроилга қарашли бўлса ҳам, 1994 йилда Исроил ва Иордания давлатлари ўртасидаги шартномага кўра, Қуддусдаги мусулмонларнинг барча муқаддас жойлари Иордания назоратида ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio