Миср махсус кучлари мексикалик сайёҳларни ўлдирди

Ҳукуматга кўра, сайёҳлар тақиқланган ҳудудда бўлишган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳукуматга кўра, сайёҳлар тақиқланган ҳудудда бўлишган

Миср махсус кучлари аксилтеррор амалиёти чоғида хато туфайли мексикалик сайёҳлар доҳил 12 одамни ўлдирди.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, сайёҳлар Ливия билан чегарадош Ғарбий Саҳродаги Ваҳат бўлгасидаги кириш тақиқланган ҳудудда бўлган.

Бундан ташқари яна 10 нафар мексикалик ва мисрлик жароҳатланган ва маҳаллий шифохонага ётқизилган.

Вазирлик ҳодисани текшириш учун махсус гуруҳ тузилганини билдирди.

Мексика президенти Энрикю Пена Нието ҳодисани қоралаган ва Миср ҳукуматидан уни мукаммал тарзда ўрганишни талаб қилган.

Мексика Ташқи ишлар вазирлиги камида икки нафар фуқароси ўлдирилганини тасдиқлаган ва қолган қурбонларнинг шахсини аниқлаш ишлари кетаётганини билдирган. Мисрдаги Мексика элчиси Жорж Алварез Фуентес маҳаллий шифохонага келган ва ҳолати қониқарли бўлган 5 мексикалик билан суҳбатлашган.

"Хато туфайли"

Миср Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтлишича, сайёҳларнинг 4 машинаси полиция ва ҳарбий кучлар биргаликда амалиёт олиб бораётган ҳудудга "хато туфайли" бориб қолишган. Унда айтилишича, ҳодиса якшанба куни "хорижлик сайёҳлар кириши тақиқланган" ҳудудда содир бўлган, бироқ аниқ манзил келтирилмаган.

Бир гуруҳ сайёҳлар йирик Ғарбий Саҳрода ўрнашиш учун тайёргарлик кўраётган маҳал ўққа тутилган.

Миср Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, махсус кучлар саҳрода Исломий жангариларни таъқиб қилаётган бўлган ва Апачи тикучари ёрдамида асосий йўлдан четда кетаётган 4 машинани нишонга олган ва уларни ўққа тутган.

Сайёҳлик вазирлигидан Раша Азаз сайёҳларни олиб юрган ширкатнинг "рухсатномаси йўқлигини ва расмийларни огоҳлатирмаган"ини айтган.

Бироқ сайёҳлик гуруҳининг ҳайдовчилари бири билан гаплашганини даъво қилаётган маҳаллий манбаалардан бирининг Би-би-сига айтишича, улар ҳокимиятни хабардор қилишган ва ҳатто полиция ҳамроҳлигида юрган.

Қоҳирадан Би-би-си мухбири Орла Гуери, Ғарбий Саҳро ҳудуди хорижлик сайёҳлар орасида машҳурлигини, бироқ у жангариларни ҳам ўзига жалб қилишини айтади.

Ўтган ой хорватиялик муҳандис айнан шу ҳудудда ўзини Исломий давлат деб атовчи гуруҳ томонидан бошидан жудо қилинган эди.

Бошқа томондан, Ливия билан чегарадош ушбу минтақа сарҳадсиз кенглик бўлиб, қурол яроқ транзити учун дарвоза вазифасини ҳам ўтайди.

Мисрдаги ИД якшанба куни саҳродаги ҳарбий амалиётларга муносиб жавоб қайтарганини айтган.

ИД билан алоқаси борлигини даъво қилаётган гуруҳ ҳам якшанба куни Фарафрада ҳозир бўлганини билдирган.

Мисрдаги қуролли тўқнашувлар армия 2013 йилги норозиликлар ортидан Исломий президент Муҳаммад Мурсийни тахтдан ағдарганидан сўнг кучайган.

Ҳукуматнинг айтишича, Синай бўлгасида ИД томонидан уюштирилган ҳужумлар ортидан юзлаб полиция ва аскарлар ўлдирилган.

Кўплаб ҳужумлар Синай ярим оролида уюштирилаётган бўлса, Қоҳира ва бошқа минтақаларда гоҳ гоҳида ҳужумлар бўлиб турибди.

Июл ойида ИД жангарилари билан бўлиб ўтган қақшатгич жангларда 100 нафар одам ўлиши ортидан Миср Синай ярим оролини халос қилишга аҳд қилган эди.

Ҳукумат минтақа жангарилар томонидан тамоман тозаланмагунча амалиётлар давом этишини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio