Шенген ҳудуди давлатлари чегара тартибини жорий этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Шанба куни Мюнхенга 13 мингдан кўпроқ муҳожирлар келган

Олмония, Австрия ва Чехия қочқинлар оқими туфайли чегара назоратини кучайтираётганини маълум қилган.

Чех ҳукумати Австрия ва Олмония ўртасида темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилгани боис муҳожирларнинг Чехия орқали Омонияга йўл олишидан хавотирда.

Чехия Ички ишлар вазири Австрия билан сарҳадда чегара тартиби жорий этилишини маълум қилган.

Унинг айтишича, муҳожирлар инқирозининг қай йўсинда ривожланишига қараб қўшимча чоралар кўрилиши мумкин.

Аввалроқ Олмония Ички ишлар вазири Томас де Мезер ҳам шу каби чоралар ҳақида эълон қилган эди.

Акс ҳолда, Мезернинг сўзларига кўра, Олмония қочқинлар оқимига бас келолмайди.

Кўрилаётган чоралар аъзо давлатлар ўртасида эркин ҳаракатланишни кўзда тутувчи Шенген шартномасига зид.

Аммо Шенген ҳудуди давлатлари ўз чегараларида вақтинчалик назорат ўрнатиш ҳуқуқига эга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муҳожирлар асосан, Яқин Шарқ ва Африкадан

Якшанба куни Мюнхен шаҳар расмийлари сўнгги ҳафталарда Яқин Шарқ ва Африкадан келган қочқинлар оқимини базўр уддалаётганларини айтишган.

Шанба куни Мюнхенга 13 мингдан кўпроқ муҳожирлар келган.

Олмониянинг Deutsche Bahn темирйўл ширкати Австрия билан қатновни душанба кунигача тўхтатган эди.

Оврўпо, умумият-ла, Сурия, Афғонистон, Эритрея ва бошқа давлатлардан келаётган қочқинларни жойлаштиришда муаммоларга дуч келмоқда.

Муҳожирларнинг аксарияти ўзлари етиб келган биринчи Оврўпо Итифоқи давлатлари-Можаристон ва Юнонистонда рўйхатдан ўтишни исташмайди.

Уларнинг кўпчилиги Олмония ва бошқа ғарбий Оврўпо давлатларида бошпана топишга умид қиладилар.

Можаристон ҳукумати қочқинлар оқимини тўхтатиш мақсадида Сербия билан чегарани бутунлай ёпмоқчи.

Расмий рақамларга кўра, шу йил бошидан буён Сербиядан Можаристонга 175 минг қочқинлар келган.

Улар асосан, Австрия ва Олмонияга йўл олишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio