Western Union Россиядан пул ўтказмалари нархини туширади

Western Union хизмат ҳаққини рақобатчилари билан бир хил қилмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Western Union хизмат ҳаққини рақобатчилари билан бир хил қилмоқда

Нарх тушишлари меҳнат муҳожирлари фаол фойдаланадиган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон йўналишларига қаратилган. Кузатувчилар энг қиммат хизмат ҳаққи олувчи ширкатлардан бири шу йўл билан бозорда ўз улушини олишга интилаётганини айтишмоқда.

Western Union 17 сентябрдан бошлаб МДҲнинг айрим давлатлари ва Туркияга амалга ошириладиган пул жўнатмалари нархини тушириши ҳақида ҳамкор ширкатларини хат орқали огоҳлантирган. Компания ушбу нарх тушишларини маркетинг акцияси деб номлаган ва уни 2015 йилнинг сўнггига қадар давом этишини билдирган.

Ширкат пул қабул қилиб олиш бўйича етакчи бўлган МДҲ давлатлари: Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга юбориладиган пулларга коммисия нархини туширган. Ярим йил давомида ушбу давлатларга 2 ярим миллиард долларга яқин пул юборилган ва у Россиядан жўнатилган пулларнинг қарийб 60 фоизини ташкил қилган. Ушбу йўналиш бўйича комиссия нархлари 1 %гача туширилади.

Пул юбориш бўйича учинчи ўринда турган Туркияга ҳам хизмат нархлари 1,5 фоизгача туширилиши айтилмоқда. Туркиядан олдин Россиядан Хитой ва Грузияга пул юбориш кўпроқни ташкил қилаётган бўлса-да, ушбу йўналишда нархлар тушмаган. Кузатувчилар буни рақобат билан боғлашмоқда. Яъни айнан Туркия йўналишидаги нархлар бошқа ширкатларда пастроқ.

Россия ширкатлари Марказий Осиёга пул юбориш нархларининг пастлиги бўйича мижозларни ўзига жалб қилиб келмоқда. "Золотой корона" Қирғизистон ва Тожикистонга 1 % хизмат ҳаққи олади, бироқ Ўзбекистон учун 1,5 %. "Юнистрим" ва Contact ширкатлари ҳам Western Unionдан паст хизмат ҳаққи олиб келган. Ширкат орадаги мана шу фарқни йўққа чиқариб кўпроқ мижозларни жалб қилишни кўзлаган кўринади.

Western Unioon хизмат нархларидаги катта ўзгариш 2014 йили кузатилган эди. Ўшанда ширкат нархларни кўтарганди. Ушбу ўзгаришлар МДҲ давлатларида банкларнинг кам фойда кўраётганликлари ҳақидаги шикоятларидан сўнг амалга оширилган. Бироқ кузатувчилар ушбу нарх кўтаришлар ўзини оқламаганини ва мижозларнинг бошқа ширкатларга кетиб қолиши ортидан Western Union фойдаси тушиб кетганини айтишади.

Энг кўп пул юбориладиган мамлакат

Россия банкларининг берган маълумотларига кўра, Россиядан МДҲ давлатлари ичида Ўзбекистонга энг кўп пул юборилади.

2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳисоботларига кўра, Ўзбекистонга 686 миллион доллар юборилган ва иккинчи ўринда турган Қирғизистондан қарийб 2 баробар кўп.

Бироқ кузатувчилар пул жўнатмалари миқдори Россия бошидан кечираётган иқтисодий қийинчиликлар туфайли тушиб кетганини айтишади.

Россияга иқтисодий санкциялар қўлланилишидан олдин Ўзбекистонга бир йилда ўртача 5-6 миллиард доллар юборилгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio