Венгрия муҳожирлар туфайли фавқулотда ҳолат эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Можаристон Сербия билан чегарадаги икки минтақада фавқулотда ҳолат эълон қилди. Айни вақтда мигрантларнинг мамлакатга ноқонуний кириб келишларини тўхтатиш йўлида янги қонунлар кучга кирган.

Полицияга кўра, ушбу қонун асосида тиканли сим тўсиқни ошиб ўтишга ҳаракат қилган 60 нафар қочқин ҳибсга олинган.

Фавқулотда ҳолат вазияти полицияга қўшимча қудрат бериб, парламент тасдиқлаган вақтда қўшинлар жойлаштириш ҳуқуқини беради.

Ҳозирда Оврўпо Иттифоқи давлатларига Сурия каби можаро гирдобида қолган нуқталардан кўплаб қочқинлар етиб келмоқдалар.

Оврўпо Иттифоқи чегара агентлигига кўра, бу йил 500 минг қочқин келган. Ўтган йили 280 минг қочқин келганди.

Бугундан бошлаб Оврўпо Иттифоқи давлатлари Юнонистон ва Италиядаги 40 минг муҳожирни Оврўпонинг бошқа давлатларига кўчиришга рози бўлди. Лекин яна 120 минг қочқинни жойлаштириш юзасидан давлатлараро квота борасида келишувга эришилгани йўқ.

Можаристонда янги қонунлар душанба куни тунда кучга кирганидан сўнг ўн минглаб қочқинлар фойдаланиб келган поезд йўли бўйлаб симтиканли девор ўрнатилди.

Тушга яқин юзлаб қочқинлар деворга яқинлашиб, баъзилар ошиб ўтишга ҳаракат қилди, баъзилар эса ўтишга рухсат берилмагани учун ерга ўтириб, овқат ва сувларни улоқтириб норозилик изҳор қила бошлади.

Ҳозирда полиция қочқинларни автобусларга ўтқазиб, қайддан ўтказиш марказларига олиб кетмоқда. Лекин қочқинларнинг бошпана бериш ҳақидаги аризалари рад этилса, уларни Сербияга қайтаради.

Венгрия расмийларига кўра, чегара тиканли сим девор билан душанба куни тўсилгунга қадар 9 минг қочқин кесиб ўтган. 20 минг қочқин Австрия чегарасидан ўтган.

Янги қонунга мувофиқ Сербия билан 175 метр узунликдаги чегарада тўрт метр баландликда ўрнатилган деворни бузишда айбланганлар қамоқ жазосига тортиладилар ё-да депортация қилинади.

Лекин қочқинлар масаласи учун масъул Сербия вазири чегаранинг очилишини талаб қилган.

Оврўпо Комиссияси эса Можаристонда қабул қилинган қонун Оврўпо Иттифоқининг қочқинлар ҳақидаги қонун-қоидаларига нақадар тўғри келишини текширмоқда.

Брюсселда қочқинлар бўйича ўтказилаётган музокараларда аксар давлатлар 120 минг қочқинни қабул қилиб олиш юзасидан квоталар борасида деярли келишиб олганлар. Бу борадаги якуний келишувга 8 октябр куни эришилиши кутилмоқда.

Лекин Чехия, Словакия ва Можаристон квоталарга қарши.

Олмония 13 сентябр куни ўз чегарларини вақтинча ёпаётганини маълум қилди. Бунинг натижасида Австриядаги қочқинлар сони ортиб, 2 мингга яқин киши тунни вокзалда ўтказган.

Австрия ҳам чегара назоратини кучайтирмоқчи эканлигини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio