"Россия Сурияда ҳарбий ҳаво базасини қурмоқчи"

АҚШ расмийларининг айтишларича, Суриянинг Латакия шаҳри яқинидаги Россия ҳаракатлари ҳаво базасини ташкил этиш уринишларидан далолат бермоқда.

Пентагон сўзчиси Жефф Дэвисга кўра, денгиз бўйида жойлашган ушбу шаҳарга муттасил равишда ускуна ва мутахассилар етиб келаётганини кўриш мумкин.

Россия эса Сурияга ҳарбий ашёлар ўзини Исломий Давлат дея атовчи гуруҳга қарши курашда ёрдам бериш учун юбораётганлигини айтади.

Москва 2011 йили Сурияда бошланган фуқаро урушида президент Башар Асаднинг иттифоқчиси бўлиб келган.

"Охирги кунларда Россия Латакия атрофидаги ерларга одамлар ва ускуналарни етказаётганлиги белгиларини кўрмоқдамиз. У ерда аллақачон ҳаво базаси мавжудлиги назарга олинса, Россия ҳаво амалиётларини амалга оширувчи фаолиятни йўлга қўймоқчи эканлигини тахмин қилишимиз мумкин", дейди жаноб Дэвис.

Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг бу уринишлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Сурияда Исломий Давлатга қарши ҳаво ҳужумлари соҳасида қарама-қаршиликни келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари АҚШ расмийлари Россиянинг ҳаракатлари президент Башар Асад мавқеини мустаҳкамлаши ва Суриядаги можарога ечим топиш уринишларини мушкуллаштириши мумкинлигидан хавотирдалар.

Икки кун аввал Сурия матбуоти 80 тонна инсонпарварлик ёрдами ортилган икки Россия юк учоғи етиб келганлиги ҳақида хабар берганди.

Хабарларга кўра, ушбу учоқлар Латакия яқинидаги ҳарбий базага келиб қўнган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хабар агентликларида пайдо бўлган суратларда, Россиядан етиб келган учоқлардан ёрдамни тушириб олишда иштирок этаётган кўнгиллилар акс этган.

Россия Мудофаа вазирлиги сўзчиси Игор Канашенковнинг айтишича, ушбу учоқларда қочқинларга чодир жамлоғини ташкил этиш учун лозим ашёлар етказилган.

Кремл Сурияда ҳарбий ёрдамни кенгайтираётганлигини рад этиб келмоқда, лекин ўтган ҳафта Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Сурия талаб қилса, Россия кўпроқ ёрдам жўнатишга тайёр.

"Россия мавжуд шартномалар асосида Сурияга ҳам инсонпарварлик ва ҳам ҳарбий ёрдам етказишда давом этмоқда. Аммо ҳеч қандай қўшимча қадамлар қўйилаётгани йўқ", - деди жаноб Лавров.

АҚШ расмийлари эса президент Асад охирги вақтларда анча ҳудудларни қўлдан бой бергани туфайли Россия қўшимча ёрдам етказишга ҳаракат қилмоқда демоқда.

Сурия ҳукумати яқинда мамлакат шимоли-шарқидаги Идлиб шаҳридаги ҳаво базаси устидан назоратни йўқотди.

Шу ой бошларида эса Россия Сурияга қўшимча ҳарбий ёрдам юбораётгани ҳақидаги хавотирлар туфайли Болгария ўз ҳаво ҳудудидан Сурия томон йўл олган учоқларга ўтиш рухсатини бермади.

Кейинчалик Россия бу учоқларга Эрон ҳаво ҳудуди орқали учишга рухсат берилганлигини маълум қилди.

Ўтган ҳафта АҚШ расмийлари Reuters хабар агентлигига Россия Тартус бандаргоҳига танклар етказувчи икки кема ва қўшимча учоқлар юборганлигини айтишганди.

Россия Сурия ҳукуматини қўллаб келаётган бўлиб, қурол-яроғ етказиб келяпти. АҚШ эса президент Асаднинг қудратдан кетиши тарафдоридир.

Президент Башар ал-Асад ва турли исёнчи гуруҳлар ўртасида давом этиб келаётган уруш ҳаракатлари натижасида шу вақтгача камида 240 минг инсон оламдан кўз юмган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio