Венгрия сарҳадларининг ёпилиши муҳожирларни Хорватияга йўналтирган

Хорватия орқали йўл муҳожирларнинг Олмония етиб олишини узоқлаштиради Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Хорватия орқали йўл муҳожирларнинг Олмония етиб олишини узоқлаштиради

Можаристон Сербия билан чегараларини ёпиши ортидан Оврўпа иттифоқига олиб борувчи янги йўл - Хорватияга муҳожирларнинг биринчи оқими етиб келди.

Мигрантлар жанубий Сербиядан автобуслар орқали йўлга чиққан. Юзлаб одам тунни ташқарида ўтказган. Уларнинг кўпчилиги Олмонияга етиб олишни истайди. Хорватия "одамларнинг мамлакат оралаб ўтиб кетишига йўл" қўймаслигини таъкидлаган.

Ўз чегарасида кўплаб қочқинлар пайдо бўларкан, Хорватия полицияси Сербия орқали мамлакатга кириб келган муҳожирларни рўйхатга олишини маълум қилди. Улар пойтахт Загребдан унча олис бўлмаган қочқинларни қабул қилиш марказларига олиб борилади.

Полиция вакили мигрантлар чегарани кесиб ўтишни бошлаганини тасдиқлади, бироқ аниқ рақамларни келтирмади. Рейтер агентлиги тасвирчиси Сербия-Хорватия чегарасини тахминан 100 муҳожир кесиб ўтганига гувоҳ бўлган.

Оғир аҳволда қолган юзлаб қочқинлар Сербиянинг Можаристон билан чегарасида қурилган чодирлар ёки унинг ташқарисида тонг оттирган. Айримлар олов ёқиш учун ўтин йиққан.

Қонунбузарларни ҳибсга олиш

Чегаралардаги янги тўсиқлар ва муҳожирларни қабул қилишдаги баҳслар муҳожирлар инқирози бўйича Оврўпа давлатларида жиддий бўлинишлар борлигини кўрсатган.

Можаристон ҳукумати сешанба куни чегара олди ҳудудларда фавқулотда ҳолат эълон қилганди. Чегара панжараларини бузиб ўтганларга қарши жиноий иш қўзғаш тўғрисидаги янги қонун қабул қилинган. Уни ижро этиш учун юзлаб полиция ва ҳарбий кучлар жалб қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Венгрия чегара сим тўсиқларини бузиб ўтган одам қамалади

Чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва чегара олди тўсиқларни бузган деб тан олинган одамлар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундан ташқари Венгрия полицияси 10 минглаб одам Можаристонга кириб келишда фойдаланган чегара олди темир йўлни тўсиб қўйди. Мамлакат Ички ишлар вазири Петер Сиярто янги тўсиқларни қўриш режалари ҳақида гапирди. Бу сафарги тўсиқлар Руминия чегарасида қурилади.

Сербия Венгриядан чегараларни "ҳеч бўлмаса болалар ва аёллар учун "яна бир бор очишга чақирди.

Сербия Ташқи ишлар вазири Ивица Дачич Можаристоннинг чегараларни ёпиш қарори нотўғрилигини билдирган. Чунки муҳожирлар Юнонистон ва Македония орқали кириб келишда давом этмоқда. Сербия эса уларнинг оқимини уддалолмаяпти.

Венгрия полицияси чоршанба куни мамлакатга ноқонуний кирган 367 муҳожир ушланганини маълум қилди. Чегаралар ёпилиши арафасида Можаристонга бир кунда мисли кўрилмаган 9380 муҳожир кириб келган.

Кузатувчилар Венгрия чегараларининг ёпилиши Сербиядан кўп сонли муҳожирларнинг тўпланиб қолишига олиб келишини айтишмоқда. Бу маҳаллий аҳоли томонидан шу вақтгача мигрантларга нисбатан бўлган тоқатлиликка барҳам бериши мумкин.

Ўтган тунда Австрия чегара назоратини кучайтирган давлатлар қаторида энг сўнггиси бўлди. Гап Венгрия ва Австрия чегараси ҳақида кетмоқда. Бироқ Вена бошқа қисмларда ҳам чегарани мустакамлашни режалаштирмоқда.

Шунга қармасдан Австрия жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган биронта ҳам одам Можаристонга қайтарилмаслигини таъкидламоқда.

Австрия полициясининг маълум қилишича, Венадаги икки бош вокзал муҳожирлар билан тўлиб тошган. Қочқинлар оқими кўплигидан Залцбургдаги вокзал ёпилади.

Оврўпа Иттифоқига бу йил ярим миллиондан ошиқ муҳожир кириб келди. Бир йил олдин уларнинг сони 280 минг эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio