Шинжон: "Ошпичоқ фақат рухсатнома билан берилсин!"

Қассобларнинг пичоғи 15 см узун бўлмаслиги керак Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қассобларнинг пичоғи 15 см узун бўлмаслиги керак

Шинжон Уйғуристони расмийлари фуқаролардан ошпичоқ сотиб олиш учун махсус рухсат олиш кераклигини талаб қилмоқда. Расмийлар минтақада пичоқ билан ҳужумлар сони ортиши ортидан исённи бостириш манзарасида тиғли асбоблар савдоси назоратини кучайтирган.

"Эркин Осиё" радиосининг хабар беришича, Қошғар шаҳар полиция департаментининг 26 августда чиқарган эълонида, ошпичоқни сотиб олишни истовчи ҳар қандай шахс рухсатнома олишдан олдин ўзининг исми шарифи, миллати, манзили ва гувоҳнома рақами ва телефон номерини ёзиши керак.

Эълон сурати тарқаб кетган WeChat хабар алмашиш тармоғи ва бошқа ижтимоий тармоқларда айтилишича, харидор сотиб олиш манзили, қанча пичоқ сотиб олиши ва уларни нима учун ишлатиши ҳақида тушунтириш ҳам бериши керак.

Пичоқ сотиб олиш учун тўлдириладиган аризада пичоқлар сони "рақамлар билан эмас, Хитой ҳарфлари билан тўлиқ ёзилиши керак". Рухсатномалар чоп қилинган санадан бошлаб кучга киради. Омадли аризачиларга рухсатноманинг нусхаси берилади, унинг оригинали полиция маҳкамасида сақланади.

Қошғар полицияси янги тартиблар борасида журналистларга изоҳ беришдан бош тортган.

Image caption Пичоқ ёрдамида ҳужумлар кузатилгач ҳукумат ўткир тиғли асбоблар савдосини назорат остига олган

Маҳаллий аҳоли вакиллари пичоқ, болта, чопқи ва бошқа ўткир тиғли асбоблар шунингдек, Қошғарнинг Енгисарида ҳунармандлар ясайдиган машҳур пичоқлар савдоси 2014 йили киритилган чекловлардан сўнг кескин тушиб кетганини айтишмоқда.

Хўтан вилояти Қорақош туманида яшовчи қассоб Абдукарим Оҳун "Эркин Осиё" радиосига янги назорат ҳаттоки касб эгаларига ҳам тааллуқли эканлигини айтган.

"Ҳокимият қассобларнинг пичоғи 15 сантиметрдан қисқа бўлиши кераклигини айтди. Узунроқ пичоқлар олиб қўйилади ва эгаси жазога тортилади", - деган Оҳун.

Ушбу тартиб жойларда ўта қаттиқ назорат қилинаётгани ва полиция пичоқларнинг узунлигини ўлчаш учун махсус асбоблар олиб юргани айтилмоқда.

Қассоб Абдукарим Оҳун ҳудуддаги айрим полиция ходимлари қассоблар ишини тугатиб дўконини ёпгач уларнинг пичоғини йиғиб олаётганини ва эртаси куни иш бошлангач яна қайтариб бераётганини айтган.

"Бизнинг касбимиз қассобчилик ва бир неча авлоддан бери тирикчилигимиз қассобхона орқали ўтиб келяпти. Бироқ ота боболаримиз бу каби тақиқлар ҳеч қачон дуч келишмаган. Бу шундай асабий ва ноқулайки мен қассоб сифатида фаолиятимни тугатишга қарор қилдим", - деган у.

Хитой ғарбида жойлашган Шинжон вилояти аҳолиси аксарини туркий қавмга мансуб уйғур мусулмонлари ташкил қилади.

Охирги йиллар этник уйғурлар ва ҳукумат орасидаги танглик кучайгани кузатилди.

Уйғурлар ва минтақага кўчириб ўрнаштирилган хитой ханлари ўртасида келиб чиққан зўравонликларда ўнлаб инсонлар нобуд бўлди.

Хитой ҳукумати бундай ҳужумларда хориждан дастакланган уйғур бўлгинчи диний мутаассибларини айблайди.

Уйғурлар эса, ўз ҳақлари топталаётгани ва қадим маданиятларининг буткул йўқ бўлиб кетишидан хавотирда эканларини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ