Муҳожирлар Оврўпо томон янги йўлларни изламоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Венгрия ва Словения йўлларини тўсишга интилаётганига қарамасдан, Хорватияда тўпланган қочқинлар Оврўпонинг шимолий мамлакатларига етиб олишнинг янги йўлларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар.

Жумадан шанбага ўтар кечаси Хорватиядан Словения ҳудудига ўтишга уринган қочқинларга қарата Словения полицияси кўздан ёш сиздирадиган газ қўллаган.

Туркия полицияси ҳам Юнонистонга ўтишга интилган қочқинларнинг йўлини тўсган, юзлаб инсонлар Эдирне атрофидаги катта йўл четларида ухлаб тунни ўтқазганлар.

Мамлакатлар чегарадан ўтишни қийинлаштирар экан, муҳожирлар экин экилган далалар орқали шимолга ҳаракат қилмоқдалар.

Ҳозирги пайтда Хорватия ҳудудида 17000 муҳожир тўпланган, деб кўрилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Венгрия Хорватияни бошпана изловчиларни ўз ҳудудида рўйхатга олмасдан туриб Венгрия чегарасига юбораётгани учун халқаро қонунларни бузаётганликда айблаб чиққан.

Минглаб одамлар Хорватия ҳудудида темир йўл станцияларида, йўл четларида ухлаб чиққанлар.

Хорватия Бош вазири Зоран Миланович мамлакати қочқинларни Можаристонга йўналтиришда давом этаверишини айтган.

"Венгрия билан келишувимиз йўқ", деб айтган жаноб Миланович.

"Биз бир иложини қилиб уларни қочқинларни қабул қилишга мажбур этамиз, уларни чегарага юборишда давом этамиз", деб айтган Хорватия бош вазири.

Хорватия ҳам, Можаристон ва Словения ҳам Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳисобланади.

Бироқ Хорватия Шенген визаси амал қиладиган мамлакат эмас.

Қочқинлар эса Шенгенга аъзо мамлакатлардан бошпана олишни исташмоқда.

Би-би-си мухбири Крис Моррис ёзишича, муҳожирлар инқирози Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатлар орасида бўлинишни юзага келтирган.

Кейинги ҳафтада ОИ раҳбарлари ушбу инқирозни ҳал этиш мақсадини кўзлаган икки фавқулодда мажлис ўтказишни режалаганлар.

Аммо бу икки мажлис ОИга аъзо мамлакатлар ўртасидаги жиддий зиддият манзарасида бўлиб ўтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Оврўпо марказидаги мамлакатлар ҳукуматлари бир-бирини ўз чегараларини ҳимоя қилмааётганлик ва жавобгарликдан қочишга уринишга айбламоқда.

Бир неча мамлакат Олмонияни бунча кўп сондаги муҳожирни олқишлагани учун танқид қилаётир.

Олмония эса ушбу масалада ўз бирдамлигини намойиш этмаган ҳар қандай мамлакат Оврўпо Иттифоқининг бошқа аъзоларидан пул олишга умид қилмасалар ҳам бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирган.

"Агар булар ҳаммаси фақат нуқтаи-назарлар тўқнашуви эмас, балки қадриятлар тўқнашувига айланса, Оврўпо жиддий ташвиш билан рўпара келиши мумкин", деб ёзади Би-би-си мухбири Крис Моррис.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ