Австрияга янги муҳожирлар оқими кириб келди

Муҳожирлар Австрия чегарасини яёв кесиб ўтишган Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Муҳожирлар Австрия чегарасини яёв кесиб ўтишган

Оврўпа иттифоқи давлатлари ўртасида катталашаётган инқирозни ҳал этиш борасида баҳслар авжига чиқаркан, Австрияга бир куннинг ичида 10 минг муҳожир кириб келган. Бу мигрантлар Хорватиядан Венгрияга юборилган ундан Австрияга йўналтирилган.

Венгрия Хорватияни ушбу қочоқларни рўйхатга олмасликда айблаган, кузатувчиларнинг айтишича, Венгриянинг ўзи ҳам уларни рўйхатга олмаган.

Бу орада Юнонистонда қайиқ чўкиши ортидан 26 муҳожир бедарак йўқолган.

Соҳил қўриқчилари 20 кишини қутқаришнинг уддасидан чиққан, Юнонистоннинг Лесбос ороли яқинида чўккан қайиқ 46 кишини олиб кетаётган бўлган.

Шанба куни ушбу ҳудудга чўккан яна бир қайиққа ўтирган 13 киши қидирилмоқда. Беш ёшли қизалоқнинг жасади топилган.

Австрия полицияси шанба куни камида 10 минг одамнинг кириб келишини кутаяпмиз деган. Австрия Қизил хоч раҳбари Герри Фойтик бир куннинг ичида мамлакатга 12 мингдан 13 минггача одам кириб келганини айтган.

Австрия Ички ишлар вазири Жоҳанна Мики-Лейдер қўшни мамлакатларни Оврўпа Иттифоқи қоидаларига риоя қилмасликда айблаган. Мигрантларнинг Хорватияга Словения орқали ўтканидан хавотирини билдирган.

Венгрия орқали Австрияга ўтган бир муҳожир "Ўзимни янгидан туғилгандек ҳис қилмоқдаман. Менинг бу ерда ушланиб қолишим ёки икки кун туришимнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Муҳими мен ниҳоят етиб келдим ва хавфсиз жойдаман", - деган.

Хорватияга Сербия орқали чоршанба кундан бери 20 минг муҳожир кириб келди. Аввалига уларни хуш қаршилаган мамлакат кейинчалик катта оқимни эплай олмаслигини билдирди ва уларнинг бошқа давлатга ўтказиб юбора бошлади.

Бош вазир Зоран Миланович Венгрия билан ўртада ҳеч қандай келишув йўқлигини айтди.

"Биз одамларни бу ерлардан мажбуран чиқариб юборяпмиз ва шундай қилишда давом этамиз", - деган у.

Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сзижжарто жаноб Милановични "бечора" деган ва "муҳожирларни адолатли таъминлашнинг ўрнига уларни Венгрияга юборди. Бу қанақа Оврўпача бирдамлик?", - дея қўшимча қилган.

Венгрия ҳукумати Хорватияни мигрантларни рўйхатга олиш бўйича халқаро қонунларни бузганликда айблаган. Унга кўра барча муҳожирлар шимолий Оврўпага йўналишдан олдин Венгрияда рўйхатдан ўтиши лозим.

Бироқ Австрияга Венгрия орқали кириб келган муҳожирлар ҳам ушбу давлатда рўйхатдан ўтмаган. Улар мамлакатни автобусларда кесиб ўтиб темир йўллар орқали Австрияга кириб келишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio