Юнонистонда муддатидан олдин парламент сайловлари ўтмоқда

Сайловлар арафасида фаоллик кузатилмаган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сайловлар арафасида фаоллик кузатилмаган

Дастлабки тахминий сўровномалар айни дамда ҳокимият тепасида бўлган сўлчиларнинг "Сириза" ва анъанадорларнинг "Янги демократия" партиялари ўртасида қаттиқ рақобат бўлишини кўрсатган.

Муддатидан олдинги сайловлар Юнонистонда сўнгги олти йилнинг ичида бешинчи марта ўтказиляпти. Бош вазир Алексис Ципрас истеъфога чиққач бугунги сайловлар август ойида эълон қилинганди.

"Сириза" партияси раҳбари халқаро кредиторлар билан янги молиявий кўмак пакетини имзолаганидан сўнг унинг обрўси кескин тушиб кетди.

Келишув шартлари "Сириза" партияси даставвал қарши чиққан қатъий иқтисодий чораларини ўз ичига олган эди.

Юнонистон чуқур молиявий инқироз ичида қолмоқда ва ушбу сайловларда ютиб чиққанлар кескин иқтисодий ислоҳотлар ўтказишда давом этишига тўғри келади.

Би-би-сининг Афинадаги мухбири Ричард Галпиннинг айтишича, ғолиб бўлган партия якка ҳолда ҳукуматни тузиш учун парталаментда етарли овозга эга бўлиши даргумон.

Асосий молиявий ислоҳотлар ўтказиш муддати яқин қолаётган бир маҳалда бу сиёсий беқарорлик даври бошланишига олиб келиши мумкин.

Якшанба кунги сайловлар арафасида шов-шув кузатилмаган, сайловолди кампаниялари алоҳида фаолликсиз ўтган, сайловчиларнинг муносабати ҳам вазмин бўлган.

Бош вазир Алексис Ципрас янги молиявий кўмак пакетини мамлакатнинг 60 фоиз овоз берувчиси кредиторлар талаб қилган қатъий иқтисодий чораларга қарши овоз берганидан сўнг имзолади.

Ципрас мамлакат манфаатини партияникидан устун қўйгани учун ушбу қарорга келганини айтган. Унга кўра, агар уч йиллик кўмак дастурига рози бўлмаганида Юнонистон Оврўпа иттифоқини тарк этишига тўғри келиши мумкин эди.

"Янги декмократия" етакчиси Вангелис Мемаракис Ципраснинг ҳукумат бошига келиши "мамлакат учун қимматга тушган тажриба" дея баҳолаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio