Лорд Десай: "Сурияликлар Марказий Осиёга кўчирилсин"

Британиялик Лорд Сурия ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатларидан қочиб келаётган муҳожирларни Марказий Осиёга жойлаштириш керак, деган таклиф билан чиқди. Лорд Десай 16 сентябрь куни Британия парламентининг юқори палатаси бўлмиш Лордлар палатасида қилган нутқида бу каби таклифни илгари сурди.

"У ерда аҳоли кам яшайдиган мамлакатлар бор - Туркманистон, Тожикистон, Монголия ва ҳоказо. Оврўпога солиштирсангиз, у ердаги аҳоли зичлиги 100 баравар кам. Мен Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу мамлакатлар билан ҳамкорликда имконқадар кўп муҳожирларни ана шу мамлакатларга жойлаштиришини истаган бўлардим", - деди у.

Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари араб муҳожирларни хуш қарши оладилар, чунки, унга кўра, "уларнинг ҳаммаси - мусулмон давлатлар".

Eurasianet сайтига кўра, асли Ҳиндистонда туғилган ва сўнгра Британия фуқаролигини олиб Лорд мақомига эга бўлган бу сиёсатчининг таклифи унинг дунё ҳақида нақадар оз билимга эга эканини намойиш қилди.

Сайтга кўра, Марказий Осиёдаги Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлар мусулмон ҳисобланса-да, у ерда диний эркинликлар чекланган. Лорд Десай тилга олган Монголия эса умуман мусулмон эмас, балки аксар аҳолиси буддавийлар бўлган мамлакатдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ундан ташқари, таҳлилга кўра, иқтисодий жиҳатдан ҳеч қайси Марказий Осиё давлати қочқинларга бошпана беришга қодир эмаслар. Ҳатто энг равнақ топган дея кўрилувчи Қозоғистон ҳам охирги вақта кескин иқтисодий йўқотишлардан жабр чекаяпти.

"Лорд Десай ҳозирги шароитлардан нафақат бехабар, балки унинг таклифи унинг Марказий Осиёдаги мажбурий миграция тарихини билмаслигини ҳам намойиш қилди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳали ҳам Иккинчи Жаҳон Уруши даврида Совет диктатори Иосиф Сталиннинг бутун бошли миллатлар, хусусан Қрим татарлари, чеченлар ва Месхети туркларининг Марказий Осиё чўлларига кўчирилиши таъсири остида яшаб келмоқдалар", - дейилади Eurasianet мақоласида.

Мегдад Жагдишчандра Десай 1940 йилда Ҳиндистонда туғилган ва Мумбай университетини тамомлаган. У 1965 йилда Британиядаги Лондон Иқтисод мактабида дарс беришни бошлаган ва 1991 йилда Лорд унвонига сазовор топилган.

Лордлар палатаси аъзоларининг аксари ҳукумат томонидан тайинланади. У халқ сайлаган депутатлар тасдиқлаган қонунларни савол остига олиш билан шуғулланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio