Усома Бин Лодин тан соқчиси Гуантанамодан озод қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Пентагон хабар қилишича, Усома Бин Лодин тан соқчиси бўлган Абдул Шалабини Гуантанамо қамоқхонасидан чиқариб Саудия Арабистонига топширган.

39 ёшли Шалаби аллақачон Саудияга етказилган.

Абдул Шалаби Покистон ҳарбийлари томонидан 2001 йили қўлга олинган ва АҚШ ҳарбийлари ихтиёрига топширилган эди.

У 2002 йилдан буён Американинг Кубадаги Гуантанамо ҳибсхонасида сақланаётган эди.

Ҳозирги пайтда Гуантанамода 114 тутқун қолган, шулардан 52 нафарини бошқа мамлакатга ўтказишга қарор қилинган.

Абдул Шалабига айблов илгари сурилмаган.

Гуантанамо тутқунлари тақдири борасида қарор қабул қиладиган ҳайъат Шалабини ортиқ Гуантанамода ушлаб туришнинг ҳожати йўқ деган қарорга келган.

Аммо у ҳалигача экстремистларга мойиллигини сақлаб қолган бўлиши мумкин, деган хулоса берган тутқунлар ишини қайта кўриб чиқиш ҳайъати.

Гуантанамода сақланган 13 йиллик тутқунлик пайтида Абдул Шалаби ўзининг айбловсиз тутиб турилганига қарши узоқ муддатли очлик эълон қилган.

Шу йил апрел ойида Шалаби иши кўриб чиқилган маҳкамада унинг адвокати Шалаби умрининг қолган қисмини тинч-хотиржамликда оиласи билан ўтказишни хоҳлаётганини айтган.

Шалаби озод қилиниши шартларидан бири у Саудия Арабистонидаги реабилитация дастурида иштирок этиши талаб қилинади.

Президент Барак Обама ўз ваколати тугайдиган 2017 йилгача Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга қарор қилган.

Лекин АҚШ Конгресси Гуантанамо базаси ёпилишига қаршилик қилиб келади.

АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, ўтган ҳафта марокашлик Юнус Абдураҳмон Чеккури Марокашга ўтказилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio