"Олмонияга атом бомбаси жойлаштирилса қарши жавоб берамиз"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Олмонияга қўшимча 20 атом бомбаси жойлаштирилса Кремл бунга жавоб чоралари кўришини айтган. Мулозимга кўра Оврўпага янги бомбаларнинг жойлаштирилиши мувозанатни бузади.

"Албатта бу Оврўпо қитъасида тангликни чуқурлатишга қаратилган жиддий қадам", - дея РБК агентлиги Песковнинг сўзларини келтирган.

Песков жанобларига кўра, Олмонияга янги атом бомбаларининг жойлаштирилиши Оврўподаги стратегик мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Ушбу мувозанатни тиклаш учун Россия қарши чоралар кўришга тўғри келади.

АҚШнинг Олмониядаги ҳарбий ҳаво базаларига замонавий атом бомбаларини жойлаштириш режалари ҳақида олмонларнинг ZDF телеканали хабар берган эди. Телеканал бундай хулосага Америка Ҳарбий ҳаво кучларининг кейинги йил бюджетини ўрганиш орқали келган.

Олмон журналистларига кўра, гап В61-12 туридаги тахминан 20 бомба ҳақида кетмоқда. Уларнинг ҳар бири Хиросимага ташланган бомбадан 80 баробар кучли эканлиги айтилмоқда. Бундан ташқари ушбу бомбалар бошқаларига нисбатан ўзининг аниқлиги билан ҳам ажралиб туради.

Бюхелдаги ҳарбий ҳаво базасига жойлаштирилиши кутилаётган янги бомбалар олмонларнинг Tornada қирувчи-бомбардимончи учоқларига мослаштирилган. Уруш бошланган ҳолатда уларни америкаликлар эмас, балки олмон учувчилари қўллаши айтилмоқда.

Олмон журналистларининг хабарига расмий изоҳ берилмаган.

Айни дамда Бюхелдаги ҳарбий ҳаво базасида турли маълумотларга кўра, 10 тадан 20 тагача Америка атом бомбалари сақланмоқда. У Олмониядаги Америка ядро қуроли қолган ягона ҳарбий база ҳисобланади.

Ўтган асрнинг охирида АҚШ атом бомбасининг Олмония Федератив республикасидаги сони 150 атрофида бўлган. Уларнинг кўпчилиги Рамштайндаги ҳаво базасида сақланган. Бироқ 2000 чи йилларнинг бошида мамлакатдан 130 атом бомбаси олиб чиқиб кетилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio