Москвада Оврўподаги энг катта масжид очилди

Масжид очилиш маросимида президент Путин мусулмонларни табриклаган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Масжид очилиш маросимида президент Путин мусулмонларни табриклаган

Масжид очилиш маросимида Россия, Туркия ва Фаластин давлат раҳбарлари ва минглаб мусулмонлар иштирок этган. Масжидда 30 минг одам бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин. Кузатувчилар кўра, янги масжид намоз вақти жой етишмаслик муаммосини ечмайди.

Владимир Путин масжид муҳим маънавий марказ бўлишига ишонч билдирган.

Россиялик мусулмонларни янги масжид билан табриклаган давлат раҳбари унинг қурилишида иштирок этган барчага ўз миннатдорчилигини билдирган.

Ибодат маскани эски жомеъ масжидининг ўрнида қайта тикланган ва майдони 20 баробар кенгайтирилган. 6 қаватдан иборат бинода лифт ва имконияти чекланганлар учун шароитлар яратилгани айтилмоқда.

Бир неча залга меҳробдаги имомни кўрсатиб турувчи катта экранлар ўрнатилган.

Москва жомеъ масжиди 1904 йили қурилган. Масжид 2004 йили реконструкция қилинди. Бироқ бу вақтга келиб Москвада мусулмонларнинг сони кескин ўсиб кетиши ва масжидларнинг етишмаслиги сабаб ибодат қилувчилар масжидга сиғмай қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Масжидни қуриш ва безаш ишларида турли мамлакатлардан келган усталар иштирок этган

2004 йили Москва маъмурияти масжидни кенгайтириш ва янгидан солиш ҳақида қарор қабул қилди. 2005 йилнинг май ойида қурилиш ишлари бошланди.

2011 йилга келиб эски масжид кабага тўғри йўналтирилмаганлиги ва эскириб нураб кетганлиги сабаб қилиниб уни бутунлай кўчириб ташлашди.

Янги масжиднинг майдони 31 минг квадрат метрдан кўпроқни ташкил қилади. Унинг ичида 10 минг, ҳовлисида яна 20 минг одам бир вақтнинг ўзида намоз ўқиши мумкин.

Хайрия пуллар эвазига қурилган масжидннинг умумий қиймати 170 миллион долларни ташкил қилган.

Бу каби катта масжиднинг қурилиши ҳайит байрамларида мусулмонларнинг масжидларга сиғмасдан намоз ўқиш учун кўчаларга чиқиб кетаётганлиги сабаб бўлгани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кузатувчилар кўра, 30 минг ўринли масжид Ҳайит байрамларига келадиган жамоатни сиғдира олмайди

Бироқ кузатувчилар катта масжид жой етишмаслик муаммосини бартараф этмайди.

Москвада ерлик мусулмонлардан ташқари Россия пойтахтига ишлаш учун келган Марказий осиёлик мусулмон муҳожирлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Россия пойтахтида 2 миллион мусулмон истиқомат қилади. Бу кўрсатгич билан у Оврўподаги энг кўп мусулмони бор шаҳар мақомига эга. Бироқ йирик шаҳардаги 6 масжид мусулмонлар учун етарли эмаслиги айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio