Ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш

Руҳий саломатлик ҳақида гапирмаслик ёшлар ҳаётини хавф остига қўймоқда.

Ўз жонига қасд қилиш 15 дан 29 гача бўлган ёшлар орасидаги ўлимга сабаб бўлувчи иккинчи йирик омилдир. Лекин шунга қарамай, жамиятларда бу мавзу табу деб ҳисобланади, яъни очиқ-ошкор гапирилмайди. Ҳозирда мутахассилар виртуал дунё орқали рўй бераётган таҳдид-ҳақоратлар ва ижтимоий тармоқлар воситасида тарқаётган ғоялар муаммони чуқурлаштириб юборганлигини айтиб, ҳукуматларни бунга эътибор қаратишга даъват қилмоқдалар.

Image caption "Бу менинг ёдимдан ҳеч қачон кўтарилмаса керак". Габби Дикс

"Ўз жонингга қасд қилиш илинжида бўлсанг, одамлар буни жиноят деб ўйлашади. Аслида бундай эмас", дейди ўз жонига қасд қилишга бир неча бор қўл урган 20 ёшли Лоурен Болл.

Аниқроқ айтсак, у бунга олти маротаба уринган. Охирги маротаба 2014 йили.

"Оилам учун бу жуда мураккаб вақт эди", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Габби Дикс ҳам яккаю-ягона фарзанди Иззи ўсмир сифатида қийин вақтни бошидан кечираётганидан хабардор эди. Аммо ўз жонига қасд қилади деб ҳеч ўйламаганди.

"Бу менинг ёдимдан ҳеч қачон кўтарилмаса керак", дейди бундан икки йил аввал 14 ёшида Британиянинг Девон минтақасида ўзини ўлдирган Иззининг онаси.

Баъзи жамиятларда руҳий касалликлар мавзуси охирги вақтларда кўтарила бошлади. Лекин баъзиларида ҳануз сукут сақланмоқда. Айни вақтда мутахассилар бу "эпидемия" борасида зудлик билан чора кўрилиши кераклигини айтмоқдалар: ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш кўпаймоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖСТ) кўра, бу мавзу жуда кўпдан бери табу бўлиб келган.

Охирги вақтларда кенг қулоч ёйган ижтимоий "трендлар" - виртул оламдаги ҳақорат ва пўписалар, ғояларнинг ижтимоий вирус каби тарқаши бу тилга олинмас муаммони янада чуқурлаштириб, кўпроқ сондаги ёшлар ҳаётини ҳавф остига қўймоқда.

"Ўз жонига қасд қилиш жуда мураккаб муаммо. Аксар ҳолларда унга итарувчи омил ягона бўлмайди. Бундан ташқари, ёшлар ўртасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳоллари яхши ўрганилмаган ва тадқиқ қилинмаган", дейди Британияда суиқасдларнинг олдини олиш билан шуғулланадиган Samaritans ташкилотининг бошқарувчи директори Рут Сазерланд.

Бир нарса аён - ЖСТ маълумотларига кўра, йилига жаҳон бўйлаб 800 минг инсон ўз жонига қасд қилади. Ва ҳар бир оламдан ўтган шахсга яна 20 нафар суиқасд уриниши муваффақиятсиз бўлган инсон тўғри келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DIX FAMILY
Image caption 14 ёшли Иззи Дикснинг ўз жонига қасд қилиши Британиядаги кенг баҳсларга туртки берди.

Умуман олганда ёши 70 дан ошганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кенг тарқалган. Лекин баъзи мамлакатларда бу ҳолат кўпинча ёшлар орасида учрайди. Аҳвол шунга бориб етганки, 15 дан 29 гача бўлганлар орасидаги ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида ўз жонига қасд қилиш иккинчи йирик омил ҳисобланади.

"Бу ёшдагилар орасида ўз жонига қасд қилиш йўл ҳаракати фалокатларидан сўнг иккинчи ўринда туради. Бундан ташқари, жинс нуқтаи назаридан қарасангиз, 15-29 да бўлган аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ўлимга олиб келувчи омиллар орасида биринчи ўринда туради ", дейди ЖСТ мутахассиси Александра Флейшманн.

Лекин бу ҳол бутун жаҳон бўйлаб тенг маънода эмас

2012 йили ЖСТ томонидан чиқарилган маълумотларга биноан, ўз жонига қасд қилиш глобал муаммодир.

Рост, фаровон ва камбағал мамлакатлардаги рақамлар тенг эмас. Аслида, жаҳонда содир этилган ўз жонига қасд қилиш ҳолларнинг 75 фоизи камбағал давлатларда рўй беради.

Муҳими яна шуки, фаровонлик даржасидаги фарқ, айниқса, ўсмирлар ҳаётига катта таъсир кўрсатади.

Бу маълумотларга асосланган графикка кўз ташласангиз, у қадар фаровон бўлмаган мамлакатларда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари айнан 15-29 ёш орасида рўй беришини кўриш мумкин.

Лекин фаровон мамлакатларда бу ҳолат кузатилмайди ва ёшлар ҳаёти кўпроқ камбағал мамлакатларда хавф остида эканлиги ҳақидаги хулосага етаклайди.

Энди жинс нуқтаи назаридан қарайлик: ўз жонига қасд қилганлар орасида аёлларга қараганда эркаклар кўпроқ.

"Қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш уринишлари кўпроқ, лекин йигитлар кўпроқ "ишни охирига етказадилар", дея тушунтиради доктор Флейшманн.

"Бу фарқнинг ортида турган омил жамиятларда "эркакларнинг эркак бўлишлари керак"лиги борасидаги қарашлардир", дея тушунтиради Сазерланд.

Лекин камбағал мамлакатларда эркак ва аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ўртасидаги фарқ камроқ экан.

Фаровон мамлакатларда эркаклар аёлларга қараганда, уч маротба кўпроқ ўз жонига қасд қилсалар, камбағал ва ўртаҳол мамлакатларда бу фарқ атиги ярим баробар.

Рўйхатнинг бошида

Хавотирли ери шуки, жаҳонниннг баъзи минтақаларида ўз жонига қасд қилиш 15-19 ёшда бўлганлар орасидаги ўлимга сабаб бўлувчи асосий омилга айланган. Масалан, Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида.

Ўсмирлик ёшида бўлган ва оламдан ўтган ҳар олти қиздан бири ўз жонига қасд қилган.

"Тахминимиз шуки, у минтақада ўз жонига қасд қилишнинг «самаралироқ» йўлларига етишиш осонроқ ва ёрдам етказиш имконлари камроқ", дейди Флейшманн.

Огоҳ берувчи белгилар

Мутахассисларнинг айтишларича, ўз жонига қасд қилиш "бирданига бир куни" рўй бериб қолмайди. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, ўзини ўлдирган ўсмирлардан 90 фоизи қайсидир даражада руҳий саломатлик муаммосига эга бўлганлар.

Бу ўринда тушкунликдан (депрессия) тортиб, вос-вос, зўравонлик ва гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиш тилга олинади.

Лекин бошқа томондан яшаш шароитининг ўзгариши, мактаб ва дўстлар билан муаммолар ва жинсий мойиллик юзасидан ноаниқлик ҳам омиллар сифатида келтирилади.

Шунинг учун мутахассилар эрта огоҳ берувчи хавотирли белгиларга эътибор қаратиш кераклигини айтмоқдалар.

Бу ҳафта Британия олийгоҳларига янги талабаларнинг келиб қўшилишлари кузатилар экан, Samaritans ташкилоти ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг олдини олиш бўйича кампания ўтказмоқда.

"Олийгоҳдаги ҳаёт кўпда қувноқ, жўшқин ва ўз-ўзини билиш томон сафар сифатида тақдим этилади. Кўплар учун шундай бўлиши мумкин, лекин баъзилар учун уйдан бошқа жойга кўчишнинг ўзи катта бир муаммога айланади", дейди ташкилот бошқарувчи директори.

Лекин руҳий муаммоларга юз тутаётган ҳар бир ўсмир ҳам ўз жонига қасд қилавермайди. Бундан ташқари, муаммо ҳақида ошкора гапирмаслик ва ҳатто баъзи мамлакатларда ноқонуний дея кўрилиши аниқ маълумотларни қўлга киритишни мушкуллаштиради.

Ижтимоий фожеа

Ҳақорат ва охирги вақтларда Интернет орқали пўписа-таҳдидлар ўз жонига қасд қилиш ҳолларига қарши курашувчилар томонидан яқиндан ўрганилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

АҚШнинг Жароҳатларнинг олдини олиш агентлигига кўра, ҳақорат ва ўз жонига қасд қилиш орасида боғлиқлик бор, лекин бу боғлиқлик содда ва тўғридан-тўғри боғлиқлик эмас.

"Ҳақоратга учраган ўсмир ва ёшлар ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ амалларга қўл урганлари ҳақида ҳам кўпроқ хабар берадилар... Лекин ўз жонига қасд қилишнинг асосий омили ҳақорат, дея айтиш тўғри эмас ва ҳатто зарарлидир. Чунки "ҳақоратга тегишли жавоб ўз жонига қасд қилиш экан" деган фикрни келтириб чиқариб, устига-устак бу амалга тақлид қилиш каби хавфли ҳолатни ҳам келтириб чиқариши мумкин".

Баъзи тахминларга кўра, ўз жонига қасд қилишлар ҳақида матбуотдаги "оламшумул" хабарлар ҳам тақлид қилувчиларга туртки бериши мумкин. Мутахассислар буни "ижтимоий вируснинг тарқаши" дея атайдилар.

Сазерланднинг айтишича, матбуотда ўз жонига қасд қилишни ёритишнинг ижобий йўлларидан бири одамларни лозим тақдирда ёрдам сўраб мурожаат қилишларига даъват қилишдир.

Бундан ташқари, экспертлар ҳукуматлар томонидан қўлланган ва молияланган ўз жонига қасд қилишларнинг олдини олишнинг узоқ муддатли стратегияси мавжуд бўлиши кераклигини айтмоқдалар.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, бу каби стратегия ҳозирча жаҳоннинг 28 мамлакатида мавжуд.

"Масалан Финляндияда жаҳонда биринчилардан бўлиб бу каби стратегия ишлаб чиқилган ва охирги 10 йил мобайнида у ерда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари 30 фоиз камайган", дейди доктор Флейшманн.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio