Шинжондан яна хавотирли хабарлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Бутун Шинжон бўйлаб хавфсизлик чоралари ўтган йилдан бошлаб янада кучайтирилган.

Шинжон Уйғуристони Оқсув вилоятида рўй берган зўравонликда камида беш полиция ходими ўлдирилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Турли оммавий ахборот воситаларида зўравонлик қурбонлари ҳақида ҳар хил рақамлар берилмоқда.

Лекин ҳозирча Хитой расмийлари ушбу ҳодиса ҳақида ҳеч нарса айтганлари йўқ.

АҚШда жойлашган ва Шинжонда ўз манбаларига эга "Эркин Осиё" радиоси хабар қилишича, ҳодиса ўтган жума куни Оқсув вилоятининг Соған тошкўмир конида рўй берган.

Ҳужумни бўлгинчилар содир этганлар, деб айтган Оқсувдаги полиция ходимларидан бири.

Пичоқлар билан қуролланган шахслар кўмир кони қўриқчиларига ҳужум қилгани, сўнг кон маъмурияти ходимларига ташлангани хабар қилинган.

Кўмир конига юборилган полиция ходимлари автомобилига кўмир ташийдиган оғир юк автомобилини бориб уриб, сўнг яраланган полициячилар пичоқлангани айтилган.

"Эркин Осиё" радиоси 40 инсон ҳалок бўлгани, ҳужумчилар кўмир конидаги портловчи моддаларни қўлга киритгани ҳақида айтган бошқа бир кўмир конини қўриқлайдиган уйғур миллатига мансуб полициячи.

Ҳудудга кўп сондаги хавфсизлик ходимлари юборилган, ҳозир ҳам айрим ҳужумчилар қочиб юрган бўлиши мумкинлиги айтилган.

Бундай зўравонликлар ҳақидаги хабарлар биринчи бўлиб хориждаги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, сўнг Хитой расмийлари бу борада маълум қиладилар.

Баъзи ҳолларда умуман ҳеч нарса хабар қилинмайди.

Шу йил июн ойида ҳам пичоқлар билан қуролланган уйғурлар Қашғар шаҳридаги текшириш нуқтасигаҳужум қилгани, оқибатда камида 18 инсон нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ушбу зўравонликни Шинжон расмийлари умуман тасдиқлаганлари йўқ.

Бироқ Хитойда бўлган хорижий дипломатлар айтишларича, июн ойида Қашғарда жиддий ҳужум рўй берганига ишонишади.

Яқинда Хитой ҳукумати Шинжонда ошхона пичоқлари фақат рухсатнома билан сотилиши ҳақида қарор қабул қилди.

Ушбу қарор ҳам пичоқ ёки ханжарлар Хитой расмийларида жиддий хавотир уйғотаётганини тасдиқлайди.

Сўнгги йилларда Шинжонда уйғурлар билан боғлиқ қон тўкилиши ҳодисалари сони кўпайган.

Юзлаб инсонлар ҳалок бўлган, Хитой ҳукумати юзлаб уйғурларни зўравонликларда айблаб ўлим жазоси ёки узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Расмий Пекин зўравонликларда Шинжон Уйғуристонини Хитойдан ажратиб мустақил давлат қуришни хоҳлаётган бўлгинчи, исломий экстремистлар айбдор, дейди.

Лекин муҳожиротдаги Уйғур ташкилотларига кўра, охирги йилларда Хитой ҳукумати уйғурларнинг дини, маданий ўзлигига нисбатан зуғумни кучайтирган.

Бу эса оддий уйғурларни зўравонликка мажбур қилаяпти, дейишади уйғур фаоллари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ