Ҳаж зиёратидаги талотўпда юзлаб одам нобуд бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Саудия Арабистони расмийлари билдиришларича, мусулмонлар учун муқаддас Макка шаҳри яқинидаги Ҳаж зиёратини адо қилаётган одамлар орасида юзага келган талотўпда камида 717 киши ҳалок бўлган.

Яна 863 одам зиёратчи эса жароҳат олишган.

Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, пайшанба куни Саудия Аарабистонининг Мино водийсида юз берган ҳодисада ўзбекистонлик ҳожилар "ҳеч қандай талофат кўришмаган".

Ҳукумат воизи Твиттерда тарқатган хабарига кўра, Маккадан 5 километр узоқликда жойлашган Мина шаҳрида юзага келган мазкур тиқилинчда яна 400 одам жароҳат олишган.

Хабарда айтилишича, қутқарув ишлари бошлаб юборилган - 4 минг ходим ва 220 қутқарувчи бўлинмалари жалб қилинган.

Жароҳат олганлар яқин ҳудуддаги касалхоналарга элтилмоқда.

Талотўп Қурбон ҳайитининг илк кунида юз берди.

Ҳукумат ҳалок бўлганларнинг қайси мамлакат фуқаролар эканини ҳали очиқламади.

Талотўпга нима сабаб бўлгани аниқ эмас.

Аммо, Ал-Жазира канали мухбири Басма Атассий Минадан хабар қилишича, тиқилинч Жамарат устунларига тош отаётган одамлар орасида эмас, балки 204-кўчада ўрнатилган чодирлар орасида юз берган.

"Бир гуруҳ зиёратчилар полда ўтиришганди. Бошқа гуруҳ келиб уларнинг устидан юриб кетган ва талотўп юзага келган", - деди у.

Шу ой бошида Маккадаги Масжидул Ҳарамда кран қулаб 109 кишини ўлдирган ва 400дан ортиғини яралаганди.

Ҳаж зиёрати охирги тўққиз йил ичида саудий ҳукумати амалга оширган қатор хавфсизлик чоралари туфайли ҳалокатларсиз адо этилаётганди.

2006 йилда Минадаги шайтонга рамзий тош отиш маросимида талотўп юзага келиб 364 зиёратчи нобуд бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio