Россия подшоҳ ва рафиқаси суякларини қайта қазиб олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Царь Николай II оиласи билан

Россияда терговчилар 1918-йилда қатл этилган подшоҳ ва унинг рафиқаси жасадлари қолдиқларини қазиб олишди.

Қатл ҳодисасини қайта тергов қилиш ҳаракатлари доирасида Чор Подшоҳи Николай II ва унинг аёли Александра қолдиқлари, ҳамда подшоҳнинг 1881-йилда қатл этилган бобоси Александр IIнинг қонга беланган формасидан анализ олинди.

Большевиклар отиб ўлдирган Романовлар оиласи аъзолари Санкт-Петербургдаги катедралда дафн қилинганлар.

Россиянинг Православ черкови уларнинг ёнига бошқа қариндошлари ҳам дафн этилишидан аввал оилавий ришталар аниқлаштирилишини истайди.

Романовларнинг қолдиқлари Уралдаги оммавий қабрда 1991-йилда топилиши ортидан ДНК синовлари ўтказилган ва узоқ йиллар давом этган қотиллик иши 1998-йилда ёпилганди.

Image caption Тўрт Романов маликалари укалари Алексей билан

Аммо, ДНК синовлари Россия Православ черковининг ишончини комил қилмади, чунки икки Романов - Царевич Алексей ва Буюк Княжна Мариянинг қолдиқлари 2007 йилда Уралдаги бошқа жойда топилганди.

Эндиликда Россиянинг Тергов қўмитаси икки жасад ҳақиқатан ҳам Романовларга тегишли эканини аниқлаш учун текширувлар керак эканини айтган.

Россия Алексей ва Марияни Санкт-Петербургдаги Пётр ва Павел катедралида, қолган оила аъзолари ёнида данф этишни режаламоқда. Аммо, буни амалга оширишдан аввал, черков жасадлар кимга тегишли экани аниқланишини истайди.

1918-йилда Подшоҳ Николай II, унинг рафиқаси Александра, тўрт қизи - буюк княжналар Анастасия, Мария, Ольга ва Татьяна, ҳамда ўғли Царевич Алексей тўрт сарой ходими билан биргаликда Екатеринбургдаги уйнинг ертўласида қатл этилганлар.

Гувоҳларга кўра, улар ҳудди оилавий суратга тайёрлангандек қатор тизиб қўйилганлар ва сўнг большевиклар "ўқлари ёмғири" остида ҳалок бўлганлар.

Подшоҳ ва унинг рафиқаси уч қизи билан биргаликда қотилликнинг 80 йиллик санасида, яъни 1998-йил 17 июлда қайта дафн этилгандилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio