Аксилассад жангарилар қурол-яроғини "Нусра жабҳа"сига берган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ расмийлари тан олишича, Америкада ҳарбий тайёргарликдан ўтган Башар ал-Ассад ҳукуматига мухолиф кучлар жангчилари ўз автомобил ва қурол-яроғини "Ал-Қоида"га алоқадор "Нусра жабҳаси" гуруҳига топширган.

"Афсуски, бугун бизга маълум бўлишича, "Янги Сурия қўшинлари (NSF) бир бўлими олти кузови очиқ автомобили(пикапи)ни ва қурол-яроғининг бир қисмини "Нусра жабҳаси" деб гумон қилинаётганларга берган", деб айтган Пентагон сўзчиси капитан Жефф Дэвис.

АҚШ Марказий қўмондонлигидан полковник Патрик Райдер айтишича, бу ҳодиса 21-22 сентябр кунлари юз берган.

Афтидан, аксилассад жангчилар "Нусра жабҳаси" қўлига тушиб қолган, омон қолиш эвазига ўз техникалари ва қурол-яроғини топширишга кўнганлар.

Америка ҳарбийларига кўра, "Янги Сурия қўшинлари бўлими ихтиёрида Америка томонидан берилган қурол-яроғнинг 25 фоизи бўлган.

АҚШ Конгресси суриялик 5000 тача жангчини "Исломий Давлат" га қарши ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва қурол-яроғ билан таъминлаш ишларига 500 миллион доллар ажратиш қарорини маъқуллаган.

Бироқ ҳарбий тайёргарликдан ўтган 54 жангчидан иборат илк гуруҳ июл ойида "Нусра жабҳаси" қўлига тушиб қолган эди.

Бу гуруҳ "30-дивизия" деб аталган.

Ўшанда Сурия шимолидаги "30-дивизия" базасига "Нусра жабҳаси" ҳужум қилган, аксилассад жангчилардан беш нафари ҳалок бўлгани, яна бир нечаси яралангани маълум бўлган эди.

Сентябр ойида автомобил ва қуролларини топширган жангчилар АҚШнинг ҳарбий тайёргарлик курсидан ўтган 70 кишидан иборат иккинчи гуруҳ аъзолари бўлган.

Америка дастаклаётган жангчилар улардан умид қилинган натижани ҳозирча бермаётгани эътироф этилган.

Ўтган ҳафта АҚШ парламенти аъзолари олдида ҳисобот берган генерал Ллойд Остин айтишича, Америка ҳарбий тайёргарликдан ўтказган жангчиларнинг фақат "тўрт ёки бештаси ҳалигача жанг қилмоқда".

Шу ҳафта "Нусра жабҳаси" билан боғлиқ воқеалар икки марта жаҳон матбуоти эътиборига тушди.

Биринчисида зирҳли техникада ўзини-ўзи портлатиши олдидан йиғлаган ўзбек ўспирини "Жабҳатул Нусра" аъзоси экани хабар қилинди.

Иккинчисида аксари собиқ СССР республикаларидан бўлган жангариларнинг "Жайшал Муҳожирун ал-Ансор” гуруҳи “Жабҳа Нусра”га қўшилганини эълон қилди.

"Жайшал Муҳожирун ал-Ансор” таркибида 1500 тача жангари бор деб кўрилган.

Таҳлилчиларга кўра, “Жайшал Муҳожирун ал-Ансор”нинг “Жабҳа Нусра”га байъат бериши жангариларнинг Ҳалаб шаҳри атрофидаги мавқесини янада кучайтиради.

“Жабҳа Нусра” гуруҳи аъзоларининг ҳам анчасини ўзбеклар ташкил қилади ва “Ал-Қоида”нинг Сурия бўлими деб кўрилади.

Гуруҳ таркибининг учдан бирини хорижликлар ташкил этади, деб кўрилади.

“Жабҳа Нусра” Башар ал-Ассаднинг Сурия ҳукумат кучларига ва “Исломий Давлат” жангариларига қарши урушиб келаётган гуруҳдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ