Россия Украина авиаширкатларига ҳам санкция жорий қилмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия Нақлиёт вазири Максим Соколов айтишича, Украинанинг Россия авиширкатлари парвозини тақиқлаганига жавобан Россия ҳам Украинанинг икки авиаширкатига нисбатан санкциялар жорий этади.

"Бугунги кунда биз Украинадан расмий тушунтириш ёки расмий тақиқ олганимизча йўқ. Лекин олишимиз билан биз жавобий чоралар кўрамиз ва икки Украина авиаширкатининг ҳам Россия ҳудудида парвоз қилишларига рухсат этилмайди", деб айтган жаноб Соколов.

Россия транспорт вазири сўзларига кўра, Россия ва Украина авиаширкатлари хизматларидан фойдаланаётган йўловчиларнинг 70 фоизини Украина фуқаролари ташкил этади.

Россия расмийсига кўра, Россиянинг жавобий қадами Украина ҳаво парвозлари хизматларига салбий таъсир кўрсатади.

16 сентябр куни Украина Россия авиаширкатларининг ўз осмонидан фойдаланишини чеклаш, қисман ёки буткул тўхтатиш мақсадини кўзлаган санкциялар киритгани эълон қилди.

Бу Россиянинг Украина шарқидаги исёнчиларни қўллаб-қувватлашда давом этаётганига нисбатан кўрилган чора экани хабар қилинди.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк айтишича, Украина Россиянинг "Аэрофлот" ва "Трансаэро" ширкатларининг ўз ҳаво майдонларидан фойдаланиш, шунингдек, ҳарбий ва фуқаровий мақсаддаги парвозларнинг транзитини тақиқлаган.

Расмий Киевга кўра, Россия авиаширкатларига нисбатан тақиқ 25 октябрдан кучга киради.

Айни пайтда Россия билан Украина келаётган қиш мавсумига мўлжалланган Россия газини Украина томонидан сотиб олиниши бўйича бир келишувга эришилгани хабар қилинган.

Оврўпо Иттифоқи воситачилигидаги мушкул музокаралар Брюсселда бўлиб ўтган.

Газ бўйича якуний шартнома имзоланиши учун ҳали "ишлаб чиқилиши лозим бўлган жиҳатлари" борлиги ҳам хабар қилинган.

Украина шарқидаги Луганск ва Донецк вилоятлари ўрнида ўзларининг халқ республикаларини эълон қилган бўлгинчиларга қарши 2014 йил апрелида бошланган жанглар оқибатида шу пайтгача қарийб 8000 инсон ҳалок бўлган.

Украина ва Ғарб Россияни бўлгинчиларни қурол-яроғ билан дастаклаётганлик ва бу минтақаларга Россия қўшинларини юбораётганликда айблаб келишади.

Буларни инкор этиб келадиган Кремл, Украинада "кўнгиллилар" ўз ихтиёрлари билан бориб жанг қилаяптилар, дейди.

Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати учун Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Президент Путинга энг яқин Россия расмийларига нисбатан санкциялар жорий этган.

Охирги икки ҳафтада Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қилинаётгани кузатилган.

Бироқ аҳён-аҳёнда замбараклардан ўт очилиши ҳоллари ҳам юз берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ