Эрон: 'Саудия Ҳаждаги қурбонлар учун кечирим сўрасин!'

Фото муаллифлик ҳуқуқи khamenei.ir
Image caption Оятуллоҳга кўра, Ҳаж фоижаси унутилмайди

Эроннинг олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Ҳоманаий Саудия Арабистонини ўтган пайшанба Ҳаж зиёрати чоғида юз берган ҳалокатли издиҳом учун узр сўрашга чақирган.

Айни пайтда Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний БМТ Ассамблеясидаги чиқишида ҳодиса юзасидан тергов ўтказилиши кераклигини айтган.

"Бу фожиа унутилмайди", - деб айтган Эрон руҳоний раҳбари.

"Уни-буни айблагандан кўра, саудияликлар жавобгарликни ўз зиммаларига олишлари ва мусулмон дунёси ҳамда қурбонларнинг оилаларидан кечирим сўрашлари керак", -деган жаноб Ҳоманаий.

Шанба куни Эрон Бош прокурори Саид Иброҳим Раисий давлат телевидениеси орқали чиқиш қилиб, Эрон Саудия подшолиги оиласини содир этган "жиноятлари" учун "халқаро маҳкама"га тортилишини талаб қилишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Издиҳомда шунингдек, 900 дан ортиқ одам яраланган

Саудия Арабистони эса Эронни фожиадан сиёсий мақсадларда фойдаланишда айблаган.

Шанба куни Саудия Арабистонининг олий муфтийси Абдул Азиз ибн Абдулла аш-Шайх ҳодиса юзасидан Саудия расмийларини ҳимоя қилиб чиққан.

Унинг айтишича, зиёратчиларнинг ўлимига олиб келган издиҳом "одамзод назоратидан ташқаридаги нарса бўлган".

"Одамзод назорати остида бўлмаган нарсалар борки, бунинг учун сиз айбдор бўлмайсиз. Тақдир ва қисмат қочиб қутулиб бўлмайдиган муқаррар нарсалардир", деб айтган Олий муфтий Абдул Азиз ибн Абдулла аш-Шайх.

Издиҳомда ҳалок бўлган 769 зиёратчининг 140 нафари эронликлардир.

Ҳодиса охирги 25 йилдаги энг йирик фожиага сабаб бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳодиса охирги 25 йилдаги энг йирик фожиага сабаб бўлган

Издиҳом пайшанба куни тонгда Жамаротда шайтонга тош отиш маросими чоғида зиёратчиларнинг икки йирик гуруҳи тўқнашиб кетиши оқибатида содир бўлган.

Саудия подшоси Салмон ибн Абдулазиз Ҳаж зиёрати чоғида хавфсизлик қоидаларига қанчалик риоя этилганини текширишга буйруқ берган.

У шунингдек, Ҳаж тартиби қайта кўриб чиқилишини айтган.

Ҳалок бўлганлар орасида 20 дан ортиқ давлатлар фуқаролари бор.

Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита издиҳомда ўзбекистонлик ҳожиларнинг талофат кўрмаганликларини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio