Лондондаги аҳмадийлар масжидида ёнғин содир бўлди

Image caption Ёнғинда масжиднинг асосий биносига зарар етмаган

Шанба куни Лондон жанубидаги Аҳмадийя жамоасига тегишли "Байтул-Футуҳ" масжидида ёнғин содир бўлган.

Лондон ўт ўчириш хизматига кўра, масжид маъмурий биносининг биринчи қаватида келиб чиққан ёнғин иккинчи қаватга ҳам ёйилган.

Лондон жануби ғарбидаги Мордон мевзеъсида жойлашган масжид узра қуюқ тутун кўтарилган.

Ҳодисада масжиднинг асосий биноси зарар кўрмагани хабар қилинади.

Полицияга кўра, ёнғин хабари маҳаллий вақт билан 12.08 да олинган ва ҳодиса саҳнасига 10 та ўт ўчириш машинаси ва 70 га яқин ўт ўчирувчилар етиб келишган.

Лондон тез тиббий ёрдам хизматига кўра, тутундан заҳарланган 40 ёшлар чамасидаги бир киши шифохонага ётқизилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DoggyBoutique
Image caption Шаҳар узра қуюқ тутун ҳавога кўтарилган

Маҳаллий расмийларнинг билдиришларича, ёнғин содир бўлган пайт масжид ичкарисида жамоат бўлмаган.

Маҳаллий бошқарув кенгашидан Стивен Аламбритиснинг сўзларига кўра, ёнғинга ошхонада ўт чиқиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.

У масжидга ўт қўйилган бўлиши эҳтимолини истисно қилган.

2 гектардан кўпроқ жойни эгаллаган ва 2003 йилда очилган "Байтул-Футуҳ" ғарбий Оврўподаги энг йирик масжид экани айтилади.

У ўзини Исломни тинч йўл билан ёйиш тарафдори деб тақдим этадиган Аҳмадийя жамоасига тегишли.

Кўпчилик мусулмонлар аҳмадийларнинг эътиқоди Исломга зид, деб билишади.

Шу боис аксар аҳмадийлар ўзларига қарши таъқиблардан шикоят қиладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio