'Ҳаж зиёратидаги талотўпда ўлганлар сони айтилганидан кўп'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Дунёнинг қатор мамлакатлари расмийларига кўра, ўтган ҳафта Ҳаж зиёрати чоғи Макка яқинида юз берган талотўпда 1,000дан ортиқ инсон нобуд бўлган.

Саудия Арабистони ҳукумати ҳаётдан кўз юмганлар сонини 769 нафар деб берганди.

Аммо, Нигерия расмийси Би-би-сига гапираркан, ҳалокат жойидан Жидда шаҳридаги ўликхонага 1,000дан ортиқ жасад олиб кетилганини айтган.

Ҳиндистон, Покистон ва Индонезия расмийлари ҳам талотўп қурбонлари сони мингдан ортиқ деб ўйлашлари ҳақида билдиришган.

Нигериянинг Ҳаж масалалари бўйича масъулларидан бири Юсуф Иброҳим Якасай Жиддага бориб қайтган. Унинг айтишича, шаҳарга жами 14та юк автомобилида жасадлар келтирилган.

Юсуф Иброҳим Якасайнинг қўшимча қилишича, ҳозирга қадар 10та юк машинасидаги 1,075 жасад тушириб олинган ва ўликхонага жўнатилган. Унга кўра, ҳали қолганлари жойлаштирилгани йўқ.

Қатор мамлакатлар, жумладан, Саудиянинг минтақадаги рақиби - Эрон Саудия Арабистони ҳукуматини ҳалокат оқибатлари билан ҳисоблашиш усулини танқид остига олишган. Талотўпда Эроннинг 140дан ортиқ фуқароси ҳаётдан кўз юмган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Подшоҳ

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж Twitter саҳифасида Саудия расмийлари нобуд бўлган 1,090 нафар зиёратчининг суратларини ошкор қилганлари ҳақида ёзган.

Покистон ва Индонезия расмийлари ҳам ўзларига 1,000дан ортиқ сурат жўнатилганига ишора қилишган.

Саудия Арабистони ҳукумати ҳозиргача рақамлардаги фарқлар бўйича тушунтириш бермаган.

Ўтган пайшанба куни юз берган талотўп 25 ичида Ҳаж зиёрати пайти юз берган энг ҳалокатли ҳодиса сифатида таърифланди.

Талотўп Жамарат устунларига (рамзий шайтонга) тош отиш маросими пайти келиб чиққан, тиқилинчда яна 934 инсон жароҳат олган.

Саудия Арабистони бош муфтиси шайх Абдулазиз бин Абдуллоҳ ҳукуматни ҳимоя қилиб чиққан ва талотўп "инсон назоратидан ташқари" юз берганини айтган.

Подшоҳ Салмон ҳалокат пайтидаги хавфсизлик чоралари юзасидан текширув ўтказишга буйруқ берган.

Олдинроқ, Маккадаги жоме масжидида кран қулаб тушиши оқибатида 109 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ