Қундуз назорати учун жанглар давом этмоқда

Афғонистон кучлари шимолдаги Қундуз шаҳрини Толибон қўлидан қайтариб олиш учун жангларни давом эттирмоқда.

Шаҳар куни кеча толиблар томонидан ишғол қилинганди. Бу 2001 йил Америка етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар ортидан қудратдан ағдарилган Толибон учун энг катта ғалаба сифатида таърифланди.

Қундуз учун қақшатқич жанглар давом этар экан, Президент Ашраф Ғани афғон қўшинлари шаҳардаги баъзи ҳукумат биноларини қайта қўлга киритишганини маълум қилган.

Полицияга кўра, 80дан ортиқ жангари ўлдирилган. Аммо, бу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.

Толибон душанба куни Қундузга бостириб кираркан, ҳукумат қўшинлари чекинишга мажбур бўлганди.

Мамлакат шимолидаги ушбу стратегик муҳим шаҳарнинг бой берилиши Президент Ашраф Ғани давлат тепасига келганига бир йил тўлиши манзарасида кузатилди.

Сешанба куни телевизион орқали чиқишида жаноб Ғани Қундуз назорати учун жангларда ижобий натижалар борлигини айтди.

Аммо, айтилишича, толиблар оддий аҳолидан инсоний қалқон сифатида фойдаланаётгани афғон армияси кучларига мушкулотлар туғдирмоқда.

"Афғонистон ҳукумат масъулиятли ва шаҳар ичкарисида қолган халқи ҳамда ватандошларини бомбалай олмайди. Бундай қилмайди ҳам", деб айтган Президент Ашраф Ғани.

НАТО воизига кўра, АҚШ ҳарбий учоқлари амалиётларда Толибон мавқеларини ҳужумга тутиш билан афғон армиясига дастак бермоқда.

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қундуз шифохоналарига 16 инсоннинг жасади ва қарийб 200 нафар яраланганлар қабул қилинганини маълум қилди.

"Чегара билмас шифокорлар" ташкилоти Қундуздаги шифохонаси ўқотар қуроллардан яраланганлар билан тўлиб кетганини айтади.

Қундуз Толибон 14 йил муқаддам қудратдан кетганидан бери қўлга киритган илк вилоят марказидир.

Шаҳар аҳолиси ишғол қилинган кўчаларни Толибон жангчилари назорат қилаётганини айтишади.

Қундуздаги ҳодисалар гувоҳларига кўра, сешанба куни толиблар сафига ҳам қўшимча кучлари келиб қўшилишган.

Маҳаллий одамлар шаҳарни ташлаб чиқиши ҳам ўта мушкул қолаётгани хабар қилинади.

Толибон янги раҳбари Мулло Ахтар Мансур ҳукумат мағлубиятни тан олиши кераклигини айтган.

Мулло Ахтар Мансур ўз баёнотида қундузликлар "ўз ҳаётлари ва мол-мулкларидан ташвиш чекмасликлари керак"лиги ва "одатдагидек яшашда давом этишлари лозимлигини таъкидлаган.

Гувоҳларга кўра, айрим маҳаллий одамлар Толибонни хушқаршилашган, "кўплар эса, толибларга бирдамлик билдириб эмас, балки қўрқувдан кўчаларга чиқишган".

Биз аввалроқ, Тахордаги ҳамкоримиз Мубин Ғафурийдан Қундуздаги сўнгги вазият борасида сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ