'Россия ИДга қарши ҳаво ҳужумларига қўшилиши мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Us Depart of Defence

Президент Владимир Путинга кўра, Россия АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳга қарши уюштирилаётган ҳаво ҳужумларига қўшилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Путин жаноблари бу ҳақда Ню Йоркда Америка Президенти Барак Обама билан музокаралар ортидан гапирган.

Икки раҳбар БМТ Бош ассамблеяси йиғини доирасида 90 дақиқага учрашишган. Владимир Путин мулоқотни "конструктив, самимий ва ишчи руҳда" бўлганини билдирган.

Бу қарийб бир йил асносидаги илк юзма-юз учрашувдир. Иккитомонлама мулоқот чоғи яна бир асосий мавзу Украинадаги инқироз бўлган.

Аммо, БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишлар Суриядаги урушга қандай барҳам бериш масаласида бўлинишлар мавжудлигини урғулайди.

Россия томонига кўра, ИД муаммосига қарши курашда Президент Башар ал-Ассад билан бирга ишламаслик "йирик хато" бўлади.

Душанба куни Қўшма Штатлар ва Франция яна бир бор Президент Ассад қудратдан кетиши кераклигини такрорлашганди.

"Йирик хато"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Икки раҳбар қарийб бир йил асносида илк бор юзма-юз учрашиб турибди

Бунга жавобан гапирган Путин жаноблари: "Улар Сурия фуқаролари эмаслар ва шундай экан, бошқа бир мамлакат раҳбарини танлаш масаласига аралашмасликлари керак", деб айтган.

Унга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маъқуллаган тақдирдагина Россия ҳаво ҳужумларини амалга оширади. Айни пайтда жаноб Путин Суриядаги амалиётларда Россия қўшинлари иштирок этаётгани борасидаги хабарларни рад қилган.

Ню Йоркдан Би-би-сининг дипломатик масалалар бўйича мухбири Жеймс Роббинсга кўра, Президент Ассад масаласида ён бериш Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия ва уларнинг иттифоқчилари учун "энг ёқимсиз" амалдир.

"Аммо, кўндаланг тургани: Ҳозир Ғарбнинг каттароқ душмани ким? деган савол бўлиши мумкин. Америка нуқтаи назаридан қаралса, бу ортиқ жаноб Ассад эмас", дейди Жеймс Роббинс.

Бироқ, мухбир ИД эркинлик бераётган даҳшатлар Башар ал Ассадга қанчалар фойда бериши мумкинлигига тўхталар экан, "жаноб Обама буни буткул тан олмади, аммо шунга яқин келди", дея хулоса қилади.

БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишида жаноб Обама Суриядаги қарама-қаршиликларга барҳам беришда қудратлар ортасида ўзаро келишув ўта муҳим бўлишини айтган.

Сурия уруши туфайли ҳозирга қадар 200, 000дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган ва 4 миллион инсон мамлакатни ташлаб қочишга мажбур бўлган.

"Қўшма Штатлар можарога ечим топиш учун Россия ва Эрон дохил ҳар қандай давлат билан бирга ишлашга ҳозир", деб айтди Барак Обама.

Аммо, у шунча қон тўкишлар, хунрезликка ортидан урушдан олдинги ҳолатга қайтиб ҳам бўлмаслигини ҳам тан олиш кераклигини урғулаган.

Бироқ, жаноб Путин "Сурия ҳукумати ва унинг террорчиликка қарши юзма-юз туриб жасурона курашаётган қуролли кучлари билан ҳамкорликдан бош тортиш катта хато" бўлишини айтган.

Айни пайтда Россия раҳбари ИДга қарши "кенг кўламли аксил-террор коалиция" тузишга чақирган. У буни Иккинчи Жаҳон Уруши пайти нацистлар Олмониясига қарши жанг қилган халқаро кучларга қиёслаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Иттифоқчилар

Фарқлар

АҚШ ва Россия Сурия масаласида узоқ вақтдан бери келиша олмайдиган нуқталар: Қўшма Штатлар Президент Ассаднинг қудратда қолишини истамайди; Россия эса, Дамашқдаги тузумнинг ишончли иттифоқчиси бўлиб келади ва яқиндан ҳарбий дастакни кучайтирган.

Ғарбнинг айрим раҳбарлари сўнгги пайтлар Сурия президентига нисбатан мавқеларини юмшатишган. Улар жаноб Ассад тиш даври сиёсий жараёнида қудратда қолиши мумкинлиги ҳақида гапиришади.

Ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳ таҳдиди ва Оврўпога йўналган қочқинлари оқими Суриядаги ички урушга барҳам бериш юзасидан келишув масаласини янада долзарблаштирган.

АҚШ етакчилигидаги коалиция бир йилдан ортиқ вақтдан бери Сурия ва Ироқдаги ИД жангариларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштириб келади.

Жорий ой Британия Суриядаги икки фуқаросига қарши дрон ҳужуми уюштирганини маълум қилди.

Ўтган ҳафта охирида Франция ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган гуруҳ мавқеларига қарши илк ҳаво ҳужумларини тасдиқлади.

Бошқа қатор давлатлар, жумладан, Австралия, Канада ва Иордания ҳам бомба ҳужумларини амалга оширган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio