Мол гўшти еганликда гумон қилинган шахс оломон томонидан ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳиндистон шимолидаги бир оилада мол гўшти танаввул қилиниб, музлатгичда сақланаётгани ҳақидаги миш-мишлар ортидан оила бошлиғи оломон томонидан уриб ўлдирилган.

50 ёшли Муҳаммад Аҳлоқ Утар Прадеш штатидаги Дадри қишлоғида яшар эди.

Унинг 22 ёшли ўғли ҳам калтакланиб, касалхонага тушган.

Ҳозирда ҳодисага алоқадор кўрилган олти киши ҳибсга олиниб, миш-мишларни ким тарқатгани юзасидан полиция текширув бошлаган.

Ҳиндистон аҳолисининг 80 фоизини ташкил этувчи ҳиндлар сигирни муқаддас жонзот сифатида кўрадилар ва мол сўйиш ўта нозик масаладир.

Утар Прадешда сигир сўйиш, мол гўшти савдоси ва истеъмолини тақиқловчи қонунлар киритилган.

Лекин бу каби тақиқлар нима учун ҳукумат бировнинг косасида нима бўлиши юзасидан қарор қабул қилиши борасида саволларни ҳам келтириб чиқарган.

Аҳлоқ оиласининг айтишича, музлатгичларида мол гўшти эмас қўй гўшти бор эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Кимдир унинг уйида мол гўшти борлиги ва сигир сўйгани ҳақида миш-миш тарқатган. Шундан кейин унинг уйига ҳужум қилишган", деди маҳаллий расмийлардан бири.

Полиция зобитларидан бирининг AFP агентлигига айтишича, гўёки Аҳлоқнинг мол гўшти егани ҳақида маҳаллий ибодатхонада эълон қилинган.

Унинг 18 ёшли қизи Сожиданинг айтишича, уларнинг уйларига душанба куни кечқурун 100 дан ортиқ киши ҳужум қилишган.

"Полиция музлатгичдаги қўй гўштини текшириш учун олиб кетди", дея илова қилган у.

Охирги хабарларга кўра, ҳужумда гумон қилинганларни ҳибсга олинишларига норозилик изҳор қилган баъзилар полиция билан тўқнашганлар ва қатор машиналарга зарар етказганлар.

Ҳиндистонда Утар Прадеш дохил 11 штатда, шунингдек икки маъмурий минтақада сигир, бузоқ ва буқаларни сўйиш тақиқланган.