'Қундуз марказида ҳамон толиблар бор'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption НАТОнинг дастаги у қадар натижа бермаётгани ҳақида хабар қилинади

Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳри назорати учун ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида жанглар давом этмоқда. Шаҳар душанба куни Толибон тарафидан ишғол қилинганди.

Кеча кечга яқин Қундуз шаҳри асосий хиёбонида яна толиблар байроғи пайдо бўлган.

Ҳукумат кучлари эса, шаҳарнинг аксар қисми қўлларида экани даъво қиладилар.

Тахордаги мухбиримиз Мубин Ғафурийга кўра, Қундуз марказида ҳали ҳам Толибон қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда.

"Толиблар шаҳар марказидан туриб қақшатқич жангларни давом эттиришаётгани ҳақида хабар оляпмиз. НАТО қўшинлари афғон аскарларига дастак бераётгани натижа бермаётган кўринади. Толиблар ҳали ҳамон шаҳар марказидан сиқиб чиқарилгани йўқ", дейди мухбиримиз.

"Бундан ташқари, тинч аҳоли вакиллари озиқ-овқат ва бошқа заҳиралари тугаб бораётгани, агар тезликда амалиётлар ниҳоя топмаса, аҳвол ёмонлашишини айтишади", дея қўшимча қилади у.

Қундуз охирги 14 йил ичида толиблар ишғол қилган илк вилоят марказидир.

Би-би-си мухбири Жастин Роулатнинг ҳам айтишича, жанглар ҳали-вери ниҳоя топадиган кўринмайди.

Унга кўра, аэропортда жойлашиб олган ҳукумат кучлари ҳамон яқин атрофдан толиблар қаршилигига дуч келишмоқда.

Аввалроқ, Афғонистон Ички ишлар вазири Сиддиқ Сиддиқий Франс-Пресс ахборот агентлигига шаҳар назорати ҳукумат қўлида эканини айтганди.

"Тозалаш амалиётлари бироз вақт олади. Толибон қолдиқлари аҳоли уйлари ичкарисидан ўт очишмоқда ва баъзи жойларда миналар кўмиб кетилган", деб айтган Сиддиқ Сиддиқий.

Толибон эса, шаҳар яна бой берилгани борасидаги хабарни рад қилган.

Айни пайтда Қундуз шифохонаси яраланганлар билан тўлиб-тошган. Шифохона ходимлари Би-би-сига гапираркан, жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш ўта мушкул кечаётгани ҳақида айтишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ