Россия ва Франция президентлари Сурия ҳужумларини муҳокама қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россиянинг Сурия ҳудудига ҳаводан бераётган "пала партиш" зарбаларидан хавотир билдирилаётган бир вақтда Франция ва Россия президентларининг жума куни учрашуви кутилмоқда.

Франция кучлари АҚШ каби ўзини Исломий давлат деб атаётган жангариларни ҳаводан бомбаламоқда. Бироқ Американинг иддоа қилишича, Россия Сурия мухолифатига қарши тасодифий зарбалар бермоқда.

Россия ўз навбатида АҚШ бошчилигидаги коалиция зарба бераётган гуруҳларни мўлжалга олаётганини таъкидламоқда.

Франция Россия сўзларининг тўғрилиги аҳамиятли эканлигини айтиб чиқди.

Сурия мухолифати ва бошқаларнинг таъкидлашича, Кремл иттифоқчиси Сурия президенти Башар Асадга қарши исёнкор гуруҳлар Россия ҳужумларига нишон бўлмоқда.

Франция президенти Франсуа Олланд ИДнинг арабча номини ишлатган ҳолда "ҳаводан ҳужумларни ким беришидан қатъий назар - нишон Даеш бўлиши керак, бошқа гуруҳлар эмас"лиги муҳимлигини айтган.

Жаноб Олланд Россия президенти билан жума куни Парижда учрашади. Учрашув Украинада тинчликка эришиш уринишларини муҳокама қилиш деб аталаётган бўлса-да, бироқ у Сурия инқирози соясида қолиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Россия томони, пайшанба кунги ҳаво ҳужумларида ИДнинг қурол яроқ омборлари ва бошқарув марказларини нишонга олганини айтган.

Ню Йоркдаги БМТ қароргоҳида гапирган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Ал Қоиданинг иттифоқчиси Ал Нусра жабҳаси каби бошқа террорист гуруҳларга ҳам қарши курашиши мумкинлигини айтган.

Унинг айтишича, Россиянинг позицияси Ироқ ва Сурияда ўтган йилдан бери ҳаво ҳужумлари бераётган АҚШ бошчилигидаги коалиция билан бир хил.

"Биз ўз халқига қарши бўлган бирор шахсни қўлламаймиз. Биз терроризмга қарши курашамиз", - деган у. Лавровга кўра нишонлар Сурия армияси билан ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда танланган.

Пентагон ва Россия пайшанба куни Суриядаги учоқлари ўртасида ҳалокатли тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида илк бор мулоқот олиб борган.

Бироқ Вашингтон Россия ИД назорат қилаётган ҳудудларни нишонга олмаётганидан хавотир билдириб чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio